Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғалладан ҳосилдорлик 100 центнерга етмоқда
15:30 / 2023-06-13

Фарғона вилоятида 95 минг 720 гектар майдонда ғалла парваришланган бўлиб, айни кунларда ҳосилни ўз вақтида ва сифатли йиғиб-териб олиш ишлари тобора қизғин паллага кирмоқда. Миришкор фермерлар ҳар бир гектар ердан ўртача 80 центнердан бошоқли дон йиғиштириб олишни режалаштирган.

Фурқат туманида ғаллачиликда илғор тажрибалар яратиляпти. Бу йил ҳосилнинг чўғи баланд. 23 минг 750 тонна элимизнинг ризқ-насибаси бўлган дон хирмони яратиш мақсадида 205 фермер хўжаликлари билан 6 минг 450 гектар ерда сифатли ҳосил етиштириш учун шартнома имзоланган эди. Шу мақсадда “Давр”, “Аср”, “Гром” сингари маҳаллий иқлим шароитига мос навлар қатори хориждан келтирилган янги “Безостая – 100” нави тажрибадан муваффақиятли ўтказилди. Шунингдек, илм-фан ютуқлари ва инновацион ғоялар асосида 557 гектар ерда тажриба тариқасида янги навлар экилди.  

Туманда 31 ўрим отряди ташкил этилиб, иккита кластер – “Истиқболли ғалла экспорт” ва “Фурқат дон кластери” томонидан отрядлар бошлиқлари механизатор ва ҳайдовчиларга пул маблағлари берилди. “Фурқат дон кластер” масъулияти чекланган жамияти ғаллачилик кластери тасарруфида қайта ишлаш заводи, 12 минг тонна сиғимга эга омборхона мавжуд. Бу ерда бир кунда 200 тонна ғалла замонавий технологиялар ёрдамида қайта ишланади.  

– Қишлоқ хўжалигидаги ҳаётбахш ислоҳотлар самараси сифатида бир пайтда энг қолоқ ҳисобланган чўл-дашт ҳудудидаги Қолгандарё массивида фаолият олиб бораётган фермер хўжаликлари бугунги кунда туманнинг энг илғор фермерларига айланди, – дейди “Шерали Ҳамзаев” фермер хўжалиги раҳбари Сафарали Ғаниев. – Бу йил ҳам 43 гектар ерда ғалла парваришлаб, қисқа иш кунида режани туманда биринчи бўлиб уддаладик. Ҳар гектар ердан олинган ҳосил салмоғи жорий йилда ҳам 100 центнерга етди. Дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра, биргина ғалланинг ўзидан 1 миллиард сўмдан зиёд даромад олиш кўзда тутилмоқда.  

Шунингдек, сут йўналишида Франциядан келтирилиб боқилаётган 450 бош наслли қорамоллар, 20 сотихда барпо этилган иссиқхона, 30 сотихда интенсив усулда парваришланаётган балиқлар фермер хўжалигининг муқим даромад манбаидир. Қува тажрибаси асосида дала четларига экилган 1 гектар ердаги анор даромадга кирган бўлса, бу йил дала четларида Олтиариқ тажрибаси бўйича 3 гектар майдонда узум плантацияси ташкил этилди. Узум токлари орасида помидор, дуккакли экинлар етиштирилди. Фермер хўжалигининг 35 нафар аъзолари хўжаликнинг 13 техникалари ёрдамида бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларни пешма-пеш текислаб, мош, маккажўхори экишга киришмоқда.  

  М.Сулаймонов, ЎзА