Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида куз фаслининг қуруқ ва илиқ келиши сабаб бошоқли экинларда униш жараёни сустлашаётган бир пайтда ғалла парваришига бағишланган амалий семинарлар ташкил этилди.
Бундан кўзланган асосий мақсад – фермер ва деҳқонларга мавжуд агроиқлим шароитида юқори ҳосил олиш бўйича илмий-амалий тавсиялар беришдан иборат бўлди.
Вилоят ҳокими ўринбосари топшириғига асосан тузилган ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган семинарларда Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Зафар Рўзиев, Ўзбекистон Қаҳрамони Анорбой Эшматов, Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти мутахассиси Абдуғафур Холдоров, туман ҳокимлиги ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этишди.
[gallery-27001]
Мутахассислар кузги буғдойни қишловга тўғри тайёрлаш, суғориш ва ўғитлаш ишларини ўз вақтида ҳамда сифатли бажариш мўл ва сифатли ҳосил олишнинг асосий омили эканини таъкидладилар. Экиш меъёрларига риоя қилиш, кўчат қалинлигини сақлаш, тупроқ намлигини меъёрида ушлаб туриш, маҳаллий ва минерал ўғитлардан оқилона фойдаланиш бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, қиш фаслида ғалла майдонларини муҳофаза қилиш, ички суғориш тармоқларини тозалаш, ер ёрилишининг олдини олиш ҳамда кечки ва суст ривожланган экинларни қўшимча озиқлантириш зарурлиги алоҳида қайд этилди. Азотли, фосфорли ва калийли ўғитларни қўллаш муддатлари бўйича ҳам аниқ тавсиялар берилди.
“Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бошланган амалий семинар кейинчалик “Боғишамол” маҳалласида давом эттирилди. Таъкидланганидек, ушбу илмий асосланган чора-тадбирлар жорий 2026 йилда юқори ва сифатли дон ҳосили етиштиришга хизмат қилади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари