Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғалла уруғи сифати яхшиланса, ҳосил салмоғи ошади
17:42 / 2026-01-07

Уруғлик ғалла бу деҳқончиликда асосий агротехник омиллардан бири бўлиб, унинг сифатига аҳамият бериш юқори ҳосил олиш, озуқа хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Уруғлик сифатининг юқорилиги бевосита экинларнинг униб чиқиши, касалликларга чидамлилиги ҳамда ҳосилдорлигига таъсир кўрсатади. Шунинг учун мамлакатимизда уруғлик ғалла танлаш ва тайёрлаш жараёнига алоҳида эътибор қаратилади.

Хусусан, ўтган йил давомида ғалла, дон ва мойли экинлар уруғчилиги соҳасида сифатли уруғлик етиштириш, навларни янгилаш, элита ва репродукцион уруғлик тайёрлаш ҳажмларини ошириш, фермер хўжаликларини юқори ҳосилдор уруғлар билан таъминлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилди.  

Шунингдек, Уруғчиликни ривожлантириш маркази томонидан тайёрланган ғалла уруғликлари 100 фоиз яровизациядан ўтказилди. Бу экинларнинг бир маромда униб чиқиши ва юқори ҳосил олиш учун мустаҳкам замин яратади.

–Ўзбекистонда ғаллачилик соҳасини илмий асосда ривожлантириш, юқори ҳосилдор ва навдор уруғлар билан таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади, –деди Уруғчиликни ривожлантириш маркази бўлим бошлиғи Саидаҳмад Тулепов. – Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги 641-сонли қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2025 йил ғалла ҳосили учун навдорлик сифат кўрсаткичларига жавоб берадиган бошоқли дон уруғларини етиштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, қишлоқ хўжалиги субъектларини тўғри танлаб олиш мақсадида “Агроплатформа” дастури орқали онлайн электрон танловлар ўтказилди. Танловларда иштирок этган 2 минг 913 та субъектга тегишли 79 минг 755 гектар майдон танлаб олинди. Ушбу майдонларда тўрт маротаба мониторинг ҳамда “Э-уруғ” платформаси орқали апробация тадбирлари ўтказилиб, натижада 261 та субъектнинг 12,6 минг гектар майдони яроқсиз деб топилди, уруғликдан чиқарилди. Бу жараёнлар уруғ сифатига нисбатан қатъий талаблар қўйилаётганидан далолат беради.

Апробациядан муваффақиятли ўтган 2 минг 613 та субъектнинг 64,7 минг гектар майдонларидан 200 минг тонна уруғлик дон жамғариш режалаштирилган бўлиб, амалда 200 минг 388 тонна уруғлик дон тайёрланди. Жамғарилган уруғлик доннинг салмоқли қисми дон корхоналари, кластерлар, хусусий уруғчилик корхоналари ҳамда Уруғчиликни ривожлантириш маркази тизимидаги корхоналар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Шу билан бирга, 2024 йил ҳосилидан жами 38,4 минг тонна қолдиқ уруғлик мавжуд бўлиб, унинг катта қисми элита ва супер элита авлодларидан иборат. Қолдиқ уруғлик дон таркибида ҳам хорижий, ҳам маҳаллий навлар улуши мутаносиб сақланиб, келгуси йиллар учун муҳим захира сифатида хизмат қилмоқда.

Жорий йилда 212,5 минг тонна уруғлик донни дорилаш режалаштирилиб, амалда 99 фоиздан ортиғи тайёрланди. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 майдаги 345-сонли қарори талабларига мувофиқ, уруғлик донни совутгичли омборхоналарга жойлаштириш ишлари ҳам босқичма-босқич амалга оширилди. Хусусан, 177,8 минг тонна уруғлик дон вернализация учун совутгичли омборларга қўйилди.

2026 йил ҳосили учун эса 240,3 минг тонна уруғлик дон ҳудудларга чиқарилиб, 29 мингдан ортиқ ғалла экадиган субъектларга тарқатилди. Бу эса ғалла етиштириш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилаётганини кўрсатади.

Бундан ташқари, 2025 йилда уруғлик ғалла етиштириш ҳуқуқини бериш бўйича электрон танловлар ўтказилиб, 2400 та талабгордан 87,3 минг гектар майдон учун аризалар қабул қилинди. Танлов натижасида 2 минг 126 та субъект 78,7 минг гектар майдон бўйича ғолиб деб топилди. Айни пайтда мазкур майдонларда кузги-қишки агротехник тадбирлар, парваришлаш ишлари изчил давом этмоқда.

Ўтган йил 1 декабрдан бошлаб барча уруғлик майдонларда биринчи мониторинг тадбирлари тўлиқ амалга оширилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш, мониторинг ишларини ўз вақтида ва сифатли ташкил этиш мақсадида жойлардаги уруғлик ғалла етиштирувчи субъектларга илмий тавсиялар ва амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Умуман олганда, амалга оширилаётган бу ишлар сифатли уруғ — юқори ҳосил гарови эканини яна бир бор тасдиқлаб, мамлакатимизда ғаллачилик соҳасини

барқарор ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Гулноза Бобоева,ЎзА