Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғалла парваришидаги муаммоларга ечим изланди
16:26 / 2026-01-05

Сардоба туманида ғалла парваришида кузатилаётган муаммоларни бартараф этиш ва ривожланишдан орқада қолган майдонларга қайта ишлов беришни йўлга қўйиш мақсадида амалий семинар ташкил этилди.

Тадбир туманнинг “Дўстлик” ҳудудида жойлашган “Беҳрузбек Даласи Сари” фермер хўжалигига қарашли ғалла майдонида ўтказилди.

Семинарда 2026 йил ҳосили учун экилган бошоқли дон майдонларида январь ойида амалга оширилиши лозим бўлган агротехник тадбирлар муҳокама қилинди. Мутахассислар ғалланинг ҳозирги ҳолатини тиклаш, қишки парвариш ишларини самарали олиб бориш, минерал ўғитлардан мақсадли фойдаланиш, намликни сақлаш ҳамда касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш чоралари юзасидан амалий кўрсатмалар берди.

Маълум қилинишича, туманда 25 та фермер хўжалигига тегишли жами 350 гектар ғалла майдонида ривожланишдан орқада қолиш ҳолатлари аниқланган. Семинар айнан шу “қолоқ” майдонлардаги муаммоларни таҳлил қилиш ва уларни бартараф этишга қаратилган аниқ чора-тадбирларни белгилашга хизмат қилади.

Тадбирда Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди М. Жўраев бошчилигида қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи ташкилотлар раҳбарлари ва ғаллачилик йўналишида фаолият юритаётган фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этишди.

Семинар якунида ҳар бир фермер хўжалиги кесимида майдонларнинг ҳолатидан келиб чиқиб иш олиб бориш, белгиланган агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, замонавий агротехнологиялар ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда зараркунанда, касалликларга қарши комплекс чоралар кўриш орқали экин майдонлари ҳосилдорлигини сезиларли даражада ошириш мумкинлиги қайд этилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири