Сирдарё вилоятининг барча туманларида ғалла ўрими авжида. Жорий йилда 73 минг гектар ер майдонида бошоқли дон етиштириб, ундан 540 минг тоннага яқин ҳосил йиғиштириб олишни мақсад қилган сирдарёликлар ўрим ишларини уюшқоқлик билан олиб бормоқда. 280 дан зиёд дон ўриш комбайнлари ва 843 ташиш техникалари мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш учун жалб этилган.
Вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев ҳудудларда давом этаётган ўрим-йиғим ишлари билан танишар экан, масъулларга муҳим вазифаларни белгилаб берди. Жорий йил ҳосили учун етиштирилган ғаллани нобуд қилмасдан ўз вақтида йиғиб дон қабул қилиш шохобчаларига етказиб бериш ишлари таҳлил қилинди. Иш унумдорлигини янада ошириш мақсадида механизатор ва ўримга жалб қилинган ишчиларга яратилган шароитларни яхшилаш юзасидан масъулларга кўрсатмалар берди.




Вилоят ҳокими далаларда ишчиларга яратилган шароитларни кўздан кечиришда илғор отрядлар аъзолари, юқори ҳосилдорликка эришган ғаллакорларни муносиб рағбатлантирмоқда. Масалан, мирзаободлик оилавий пудратчи Хайрулло Тўраев вилоятда биринчилардан бўлиб ғалла топшириш режасини бажариб, муносиб рағбатлантирилди. Х.Тўраев 25 гектар майдонга барака уруғини қадаб, меҳр билан парваришлади. Экин майдонининг 10 гектаридан олинган 68 тонна (ҳосилдорлик 68 центнер) ғалла ҳисобига “Bek cluster” МЧЖ қўшма корхонаси билан тузилган шартнома режаси ортиғи билан бажарилди.
Вилоятда ғалла ўрими юқори суратларда давом этмоқда.
Ш.Суяров,
Ш. Ортиқбоев,(суратлар) ЎзА.