French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғалла – 2022: Комбайнлар мавсумга шай
14:07 / 2022-05-21

Ғалла ўрим-йиғимига тайёргарлик авжида. Ҳадемай комбайнлар буғдойзорларга оралайди.

Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 11 май куни ғаллачиликдаги ислоҳотларнинг муҳим босқичига бағишлаб ўтказилган  селектор йиғилишида фермерлар манфаатдорлигини таъминлаш, ҳосилдорликни ошириш орқали бозорда таклифни кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу йиғилиш ҳақиқий маънода барча ғаллакорлар учун имконятлар эшигини янада кенгроқ очди. Тақдим этилган имкониятлар мавсум олдидан ер эгалари, меҳанизаторлар қатори соҳага алоқадор корхоналар учун кутилмаган янгилик бўлди. Шунга мос равишда Қашқадарёда етиштирилган ғаллани нес-нобуд қилмай йиғиштириб олишга аолоҳида эътибор қаратилмоқда.  

Маълумот ўрнида айтиш лозим, жорий йилда Қашқадарё вилоятида 26 та ғаллачилик кластерлари ташкил қилиниб, 2022 йил ҳосили учун 140 минг гектар сувли майдонларда 6600 нафар фермер хўжаликлари билан фьючерс шартномаси асосида бошоқли дон ҳосили етиштирилмоқда. Ҳар бир гектардан ўртача 69,7 центнердан жами 360 минг тоннадан зиёд ғалла етиштириш кўзда тутилган. Белгиланган режани бажариш, ғалла ўрим-йиғимини ўз муддатида ва сифатли ташкил этиш мақсадида 379 та техника, жумладан “Кейс”, “Клас” ва бошқа русумли дон ўриш комбайнлари “Агросервис МТП” МЧЖнинг туман филиалларида марказлашган ҳолда йиғилиб, таъмирланди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси ва туман  бўлимлари инспекторлари томонидан барча ишлар назоратга олинди. Айни кунда операторлар билан мавсум олди тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Инспекциянинг кўчма диагностика махсус автомашинасида ҳар бир комбайн кўрикдан ўтказилиб, сертификатлар топширилди. Хусусан, Нишон Агросервис машина трактор паркида ҳам мавсум олди тарғибот ишлари олиб борилди, комбайнлар техник кўрикдан ўтказилди.

– Вилоят туманлари ичида энг кўп комбайн Нишон туманида бўлиб, бугун 65 та юқори унумли комбайнлар мавсумга шай, – дейди “Ўзагроинспекция” нинг вилоят бошқармаси катта инспектори Шокир Тожиев. –  Бугун 9 хил турдаги кўчма диагностик воситалари асосида яна бир бор техник кўрик ташкил этилди ва камчиликлар жойида бартараф этилмоқда. Мавсумга шай комбайнлар тегишли ишчи гуруҳ  томонидан далолатнома асосида қабул қилиниб, сертификатлар топширилди.

Вилоятнинг барча туманларида масъул раҳбарлар томонидан ўқув амалий семинарлари ташкил этилди. Семинарларда ўрим-йиғим мавсумини беталофат ўтказиш, ҳар бир донни исроф қилмасдан йиғиб олиш ва жорий йилда ҳар йилгидан фарқли равишда, ўрим муддатини камида 10 кунга қисқартириш, бўйича тавсиялар берилди.  

Мавсумни қисқа муддатларда уюшқоқлик билан ўтказиш учун 176 та ўрим-йиғим отрядлари ташкил этилиб, дон ўриш комбайнларидан ташқари яна 1738 дона дон ташиш транспортлари, 67 та ёқилғи мойлаш маҳсулотлари қуйиш техникалари ҳамда 118 та кўчма таъмирлаш устахоналари билан таъминланди. Шунингдек, улар учун барча имкониятлар яратилди.

Шунингдек, ҳар бир комбайннинг кунлик иш унуми ҳисоб-китоб қилиниб, ғаллакорлар томонидан етиштирилган 140 минг гектар майдондаги ғаллани нес-нобуд қилмай, қисқа муддатларда ўриб-йиғиб олиш режалаштирилган.

– Дон маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ҳамда уларни ички ташишларни назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади, – дейди Ўзагроинспкциянинг вилоят бошқармаси бош инспектори Асрор Норқулов. – Айни шу мақсадда, ҳосилни йиғиштириб олишга тайёргарлик ишларининг қонуний ва сифатли бажарилиши юзасидан “Ўзагроинспекция” нинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари ходимлари томонидан назорат тадбирлари олиб борилмоқда.  Жумладан, 2022 йил ғалла ҳосилида Қашқадарё вилоятидаги 5 та дон корхоналари ва уларни жойлардаги 17 та дон қабул қилиш шаҳобчаларини мавсумга тайёргарлик кўриш борасида, дон қабул қилишга масъул бўлган моддий жавобгар шахсларига нисбатан Қонун бузилишига йўл қўймаслиги юзасидан 22 та огоҳлантиришлар берилиб назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

Нишон дон қабул қилиш масканида 2022 йил ҳосили учун 28 минг тонна дон қабул қилиниши белгиланган. Шундан 3 минг 296 тонна уруғлик, 24 минг 704 тонна товар дон. Масканда 3 та очиқ майдон, 2 та ўн минг тонналик ёпиқ сиғим, 1 та 3 минг тонналик уруғлик дон сақлаш учун мўлжалланган айвон, 6 та уруғлик майдони мавжуд. Ҳудудда ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Донни сақлашга мўлжалланган махсус ёпиқ сиғимли омборлар таъмирланиб, дезинфекция ишлари бажарилди. Бошоқли донни қабул қилиш, юклаш ва жўнатиш учун юк машиналарини ўлчайдиган воситалар билан жиҳозланди.

Масканда мавжуд барча техника воситалари таъмирдан чиқариб соз холатга келтирилди. Лаборатория жиҳозлари асбоб ускуналар кўрикдан ўтказилиб стандартлаштирилди. Шунингдек, ёнғин хавфсизлиги талаблари бўйича ҳам ишлар амалга оширилди.

Албатта, залворли меҳнат эвазига етиштирилган ҳосилни қисқа фурсатда, нес-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олиш эса бугуннинг муҳим вазифаси ҳисобланади.  

[gallery-7199]

Ўлмас Баротов, ЎзА
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА