Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев Гулистон туманидаги “Юксалиш” сув истеъмолчилари уюшмасидаги “Ахрор” ҳамда “Боёвут” СИУ ҳудудидаги “Бозорбой ота” фермер хўжаликларида бўлиб, у ерда олиб борилаётган ўрим-йиғим ишлари билан яқиндан танишди, ғаллакорлар билан учрашди.
Президентимизнинг 2020 йил 6 мартдаги “Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида жорий йилдан бошлаб давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечилди.
Давлат хариди тўлиқ бекор қилиниб, фермерлар ва бошқа корхоналар томонидан етиштириладиган дон маҳсулоти барча истеъмолчиларга биржа савдолари орқали ёки тўғридан-тўғри шартнома асосида эркин нархда сотиладиган бўлди. Бу эса ўз навбатида фермер ва қишлоқ хўжалик кластерларига ҳар доимгиданда юқорироқ даромад олишлари учун катта имконият беради.
Гулистон тумани ғаллакорлари жорий мавсумда 10 минг гектар майдонга дон экиб, ғаллани барча агро-техник тадбирларга риоя қилган ҳолда парваришлади ва бунинг самарасида мўл ҳосил етиштирилди.
Бугун, улар пишиб етилган ҳосилни қисқа вақтда ва нобуд қилмай ўриб-янчиб олиш ишларини уюшқоқлик билан олиб бормоқда. Айни пишиб етилган дон ўрими ишлари туманда авж паллага кирган.
Юқори кўрсаткичга эришган пиллакор ва ғалла ўрим-йиғими илғорларига қимматбаҳо совғалар топширилди.
А.Қаюмов, Ф.Тошматов (сурат) ЎзА