Бухоро вилояти Олот тумани ғаллакорлари давлатга 11 минг 317 тонна дон топшириб, шартномавий режани 102 фоиздан ошириб бажарди
Туманнинг бободеҳқонлари жорий йил учун 5 минг 6 гектар майдонда бошоқли дон экиб, бошоқли дон экинларини парваришлашда амалга ошириладиган агротехник тадбирларни ўз вақтида олиб борди. Хусусан, омилкор деҳқон ва фермерларнинг кўрсатган жонбозлиги туфайли турли касалликлар, зараркунандалар ва бегона ўтларга қарши профилактик кимёвий ишловлар тизимли равишда ўтказилди. Ўрим-йиғим ишларининг ҳам пухта ташкиллаштирилгани туфайли “Қоракўлдон” АЖ билан тузилган шартномадаги 10 минг 450 тонна товар ҳамда 867 тонна уруғлик дон ошириб бажарилди. Гектарлар ҳосилдорлиги ўртача 55 центнерга етди.
"Олтин тупроқ", "Фаёз Хушнуд файз", "Карим Раҳим", "Бозор Жаббиев", "Усмон Райим" каби илғор фермер хўжаликларида бу кўрсаткич 80 центнердан ошди.
Бугунги кунда 182 та фермер хўжалиги томонидан ғалла ўрим-йиғим ишлари амалга оширилди. Шундан 131 та фермер хўжалиги томонидан давлатга дон топшириш бўйича контрактация шартномаси тўлиқ бажарилди. Натижада ҳам давлат омборига ҳисса қўшилди, ҳам хўжалик жамоасининг моддий манфаатдорлиги кўпайди.
Ҳозирда барча фермер хўжаликларида ғалладан бўшаган майдонлар сомондан тозаланиб, шудгор қилинмоқда. Ишсиз ва эҳтиёжманд оилаларга такрорий экин экиш учун тайёрланяпти. Туманда ғалладан бўшаган майдонлар 1 минг 906 нафар фуқарога дуккакли ва полиз экинлари экиш учун ажратиб берилади. Уларга фермерлар томонидан ерни экишга тайёрлаш, ниҳолларга дастлабки ишлов бериш жараёнларида тўлиқ ёрдам кўрсатилади.
Зариф Комилов, ЎзА