Навоий вилояти ғаллакорлари жорий йил ҳосили учун 38 минг гектардан зиёд ер майдонига бошоқли дон экиб, парваришлади. Ғалла ўрим-йиғими уюшқоқлик билан ташкил этилиб 211 минг тонналик улкан хирмон яратилди. Йиллик режа ортиғи билан бажарилди.
Айни пайтга қадар давлатга 82 минг тонна товар дон сотилиб, 9,9 минг тонна уруғлик жамғарилди. Кластер ва фермер хўжаликлари ихтиёрида эса 120 минг тоннага яқин дон қолдирилди. Ғалла ўрим-йиғим ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида 103 та отряд тузилиб, уларнинг ҳар бирига биттадан комбайн бириктирилди.
Албатта, ғаллачиликда кластер тизимининг жорий этилгани мўл ҳосил етиштиришда муҳим аҳамият касб этди. Вилоятдаги 9 та ғаллачилик кластер корхонаси томонидан 854 та фермер хўжалигининг мавжуд ғалла майдонларига моддий техник ресурслар, минерал ўғитлар белгиланган муддатда етказиб берилди.
– Ўтган йили кузда доннинг “Давр” ва “Старшина” навидан эккан эдик, – дейди Навбаҳор туманидаги “Диёрбек Ҳамид келажаги” фермер хўжалиги раҳбари Умид Аҳмедов. – Агротехника тадбирларини ўз вақтида ўтказганлигимиз боис қилинган меҳнатимиз бесамар кетмади. Давлатга ғалла сотиш режасини биринчилардан бўлиб бажардик. Режадаги 90,4 тонна ўрнига 95 тонна ғалла топширдик. Ҳар гектар ердан 55 центнердан ҳосил олинди. Ҳали далаларда ўрилмаган ғаллазорларимиз бор. Уларнинг ҳисобига ҳосилдорлик янада ошади ва даромадимиз ҳам шунга яраша бўлади.

Конимех туманидаги “Аймекен”, “Учқун нарқул ўғли”, “Шамши ата”, Қизилтепада “Аҳад бобо”, “Даврон” “Ванғози агро экспорт” МЧЖ, “Халим Абром Акром пахтакори”, Навбаҳорда “Сафо Севди”, “Хондамир Ибрат”, “Буганбой”, “Очилова Инобат”, “Навбаҳор сайқали камоли”, Хатирчида “Норхол эллик боши”, “Турсунов Камолиддин”, “Муртаза карвон орзуси”, “Усмон додо Суннат”, “Ният кафолат”, Карманада “Бахром Ризо”, “Ато Бўтаев”, “Амирхон Бурхон” фермер хўжаликлари ғалла майдонларидан ўртача 80-90 центнердан ҳосил йиғиштириб олинди.
Вилоятдаги 2 та дон корхонаси ва уларга қарашли 6 та дон шохобчаси тўлиқ мавсумга тайёр ҳолатга келтирилди. Шунингдек, вилоят бўйича дон сақлаш сиғимлари жами 125,3 минг тоннани ташкил этиб, шундан 104,3 минг тоннаси “Навоийдонмаҳсулотлари” акционерлик жамияти ва 21 минг тоннаси “Қизилтепа ун заводи” ҳиссасига тўғри келади. Бундан ташқари, “Навоийдонмаҳсулотлари” акционерлик жамиятида 2 та уруғчилик цехи мавжуд бўлиб, уруғлик донни навига қараб жойлаштириш бўйича майдонлар блоклар билан чегараланган.
– Ўттиз гектар майдонга доннинг “Давр” навидан эккан эдик, – дейди Қизилтепа туманидаги “Ота касб Қизилтепа” фермер хўжалиги раиси Ризо Жалолов. – Икки кунда ғаллани ўриб, кластерга 17,8 тонна, давлатга 66,4 тонна дон топширдим. Ғаллани парваришлаш даврида соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда иш олиб бордик. Уларнинг кўрсатмаларини ўз вақтида амалга ошириб, юқори ҳосилдорликка эришдик. Даромадимиз ҳам ҳар йилгидан юқори бўлди. Омборимизга тўкилган донни ишчиларимизга тарқатамиз.

Албатта, ёзнинг жазирама кунлари далаларда меҳнат қилаётган, ризқ-рўзимиз бўлган буғдойни исроф қилмасдан йиғиб олишда жонбозлик кўрсатаётган деҳқонлар, фермерлар, комбайнчилар ва бу жараёнга масъул бўлган бошқа мутасаддиларнинг фидойилиги таҳсинга лойиқ. Зеро, уларнинг бугунги машаққатли меҳнати эртанги фаровон турмушимиз ва дастурхонимиз тўкинлигини таъминлайди.
Айни кунларда ўрим-йиғим ишлари давом этмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА