Сирдарё вилоятининг Сирдарё, Сайхунобод, Гулистон, Боёвут, Мирзаобод, Оқолтин, Сардоба, Ховос туманларида 2021 йил ҳосили учун етиштирилган пахта ҳомашёсини йиғиб-териб олиш, йиғим-терим мавсумининг рамзий бошланиши ҳисобланган “Ҳосил карвони” тадбирлари бўлиб ўтди.
Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев, вилоят сектор раҳбарлари, СИУ раислари, фермерлар ҳамда тегишли ташкилот вакиллари қатнашган тадбирларда пахта карвонини қабул қилиш олдидан имом-хатиблар томонидан Қуръон тиловат қилиниб, пахта хирмонига ўз ҳиссасини қўшаётган барчага куч-ғайрат ҳамда баракали ҳосил тилаб дуо қилинди. Ҳўкизлар сўйилиб, эҳсон сифатида мехрибонлик уйлари ва кам таъминланган оилаларга етказилди.
Тадбирларда вилоят ҳокими пахтакор деҳқонларни агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариб, маррага, яъни ҳосилни йиғиб олишдек масъулиятли мавсумга етиб келганликлари билан табриклади. Куч-ғайратни сўндирмасдан пешана тери эвазига етиштирилган пахта ҳосилини нес-нобуд қилмай йиғиб-териб олишга сафарбар қилиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, вилоят ҳокими торозихонадаги масъуллар билан суҳбатлашди.
Ш.Суяров,
Ф.Тошматов ЎзА.