Сирдарё вилоят божхона бошқармаси ходимлари тарихий-маънавий сабоқ олиш, ватанпарварлик туйғусини ошириш мақсадида Тошкент шаҳрида жойлашган “Ғалаба боғи” ва “Шон-шараф музейи”ни томоша қилишди. Ушбу саёҳат улар учун фақатгина экскурсия эмас, балки тарих билан юзма-юз учрашув бўлди.
Музейда Иккинчи жаҳон уруши даврида ўзбекистонлик жангчиларнинг фидокорлиги, қаҳрамонлиги ҳақида маълумотлар, экспонатлар, тарихий ҳужжатлар ва ҳарбий техника воситалари мавжуд. Бу эса, сирдарёлик божхоначиларда чуқур таассурот қолдирди.

– “Ғалаба боғи”га ташрифимиз қалбимизда фахр ва ғурур туйғусини уйғотди, – дейди Сирдарё вилоят божхона бошқармаси Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш шуъбаси бошлиғи Аҳрор Исматуллаев.
– Бу ердаги ҳар бир экспонат тинчлик йўлида жон фидо қилган юртдошларимизнинг хотирасини абадийлаштирувчи муқаддас тимсолдир. Аждодларимизнинг қандай оғир синовлардан ўтганини ўз кўзимиз билан кўрганимизда, бугунги кун тинчлиги ва мустақиллигининг нақадар улкан бойлик эканини янада чуқур ҳис этдик. Бундай маънавий тадбирлар ходимларимизнинг ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.

Музейга ташриф мобайнида ўзбекистонлик жангчиларнинг туғилган жойлари, уларнинг тақдири ва оилаларига қайтмаган фидоийлар ҳақидаги маълумотлар катта қизиқиш уйғотди.

– Музейда намоён этилган тарихий лавҳалар менга жуда катта таъсир қилди, – дейди Сирдарё вилоят божхона бошқармаси катта инспектори Мадина Бабаева. – Айниқса, ўзбекистонлик аёлларнинг уруш давридаги матонати ва фидойилиги ҳақидаги маълумотлар қалбимни тўлқинлантирди. Бу саёҳат орқали биз нафақат тарих дарсини ўтдик, балки Ватан олдидаги бурч, масъулият, садоқат ва инсонпарварликнинг ҳақиқий моҳиятини англадик.
Божхона ходимлари учун ушбу саёҳат маънавий тарбия, тарихий хотирани мустаҳкамлаш ва ватанпарварлик туйғусини оширишга хизмат қилди. “Ғалаба боғи”даги ҳар бир лавҳа уларнинг қалбида ифтихор ва миннатдорлик туйғусини янада кучайтирди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири