Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Ғалаба боғи фалсафаси» – Иккинчи жаҳон урушига бағишланган янги китоб...
20:24 / 2021-08-07

Инсоният тарихи, бу – беаёв урушлар тарихи. Қадимшунос, тарихчилар буни бирдек эътироф этиб келишади. Нега энди урушлар тарихи?..

«Оламнинг яралиши ва пайғамбарлар тарихи» китобида Одамнинг зуваласига 39 йил қайғу, бир йил севинч ёмғири ёққанлиги, шу боис одам болаларининг аксар умри ташвиш, оромсизликда ўтиши, бу нарсага одам болалари табиий жараёндек қарашига ишоралар бор.

Тарихчиларнинг таъкидлашича, сўнгги 5,5 минг йил мобайнида одамзод бор-йўғи 300 йилгина нисбатан хотиржам, тинч яшаган. Бу дегани, ер юзида ҳар юз йилда бир ҳафтагина уруш овози ўчган, холос. Инсоният тарихида 15 мингдан ортиқ уруш бўлиб ўтгани ва унда 3,5 миллиард одам ҳаёт билан видолашгани эртак эмас, ҳақиқат...

Академик Акмал Саидовнинг «Ғалаба боғи фалсафаси» китоби ана шу кўп минг сонли урушлар тарихидаги энг кўп инсон умрига зомин бўлган XX аср фожиаси – Иккинчи жаҳон урушида ҳақида, унда иштирок этган Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар ҳақида...

Яна бир гап. 1939 йилнинг 1 сентябрида бошланиб, 1945 йилнинг 2 сентябрига қадар давом этган этган бу уруш ўзаро низолар тарихидаги ядро қуроли қўлланилган ягона ҳарбий тўқнашув бўлганлиги билан ҳам кишини ҳайратга солади.

Иккинчи жаҳон уруши инсониятнинг улкан фожиаси бўлиши билан бирга, одам боласининг ҳар лаҳза, ҳар дам ҳушёрликка чорлаб тургувчи огоҳлик қўнғироғи – ибрат, сабоқ ҳамдир.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқимиз ўтмишига жиддий эътибор қаратиши, ҳурмат кўрсатиши кишини қувонтиради. Хабарингиз бор, айнан давлат раҳбарининг 2019 йил 23 октябрдаги қабул қилинган «Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, мамлакатимиз пойтахти – Тошкент шаҳрида «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси бунёд этилди. Ҳар бири алоҳида-алоҳида – «Матонат мадҳияси», «Мангу жасорат», «Кўз ёши» дея номланган монументлар ва «Шон-шараф» давлат музейини ўзида жамлаган бу катта боғ том маънода уруш зиёратгоҳига айланди. Президентимиз таъбири билан айтганда, «Бу бетакрор мажмуа қаҳрамон халқимизга муносиб бўлиб, ҳам меъморий жиҳатдан, ҳам тарихий-маънавий жиҳатдан ғоят ноёб ва маҳобатли обида бўлиб қад ростлади».

Академик Акмал Саидовнинг ушбу китоби сизни беихтиёр «Ғалаба боғи» сари ғойибона етаклайди. Китоб саҳифаларини бир-бир варақлаб, Боғ ҳақида аниқ бир тасаввурларга эга бўла бошлайсиз. Китобда келтирилган тарихий далил, ҳақиқатларни ўқиб, Иккинчи жаҳон уруши фожиаси кўлами ва халқимиз кўрсатган қаҳрамонликларни кўриб, шу юртда яшаётганингиздан, шу элнинг бир фарзанди эканлигингиздан қалбингизда фахрланиш ҳиссини туя бошлайсиз.

Китоб муаллифининг асл мақсади ҳам аслида шу...

А.Нарзуллоев, ЎзА