Муносабат
Туркий давлатлар ташкилоти саммити ўтказилган Озарбайжоннинг Габала шаҳри нафақат географик, балки маънавий-мафкуравий марказ сифатида ҳам алоҳида аҳамият касб этди. Айниқса, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу анжумандаги нутқи бутун туркий олам учун стратегик тамойиллар ва келажак концепциясини белгилаб берди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган 2030 йилгача ривожланиш стратегияси – Туркий дунё учун ягона “йўл харитаси”дир. У хавфсизликдан тортиб иқтисодиёт, таълим, транспорт ва экологик ҳамкорликкача бўлган барча муҳим соҳаларни қамраб олган.
Самарқандда ташкил этилган ташқи ишлар вазирлари ва махсус хизматлар раҳбарларининг қўшма йиғилиши бу йўналишдаги муҳим амалий қадамлардан бири бўлди.

Айниқса, иқтисодий шерикликни мустаҳкамлаш мақсадида Туркий давлатлар Доимий иқтисодий кенгашини тузиш ва унинг лойиҳа офисини Тошкентда жойлаштириш таклифи эътиборга лойиқдир. Бу ташаббус Ўзбекистоннинг минтақавий иқтисодий жараёнларда етакчи кучга, яъни ҳаракат ва ўсишга туртки берувчи марказга айланаётганини кўрсатади. Бундай мақом мамлакатнинг минтақавий сиёсий-иқтисодий таъсирини янада оширади. Шу билан бирга, “Яшил йўлаклар” тизими ва “яшил трансформация” консорциуми ҳақидаги ғоялар экологик барқарорлик ва технологик янгиланишга қаратилган режаларнинг асосий қисмига айланмоқда.
Туркий давлатлар ўртасида ўзаро боғлиқликни кучайтиришда транспорт лойиҳалари алоҳида ўрин тутади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли ҳамда Трансафғон йўлагини Ўрта коридорга боғлаш ташаббуси – Евроосиё логистика харитасини янгилашда ҳал қилувчи қадам бўлиши мумкин. Бу нафақат юклар, балки халқлар, маданиятлар ва бозорлар орасидаги яқинликни таъминлайди.
Саммитдаги энг инновацион ғоялардан бири – Туркий давлатлар халқаро университетини ташкил этиш таклифидир. Ушбу таълим муассасаси туркий ёшларни илмий ҳамкорлик ва интеллектуал ривожланиш майдонида бирлаштиради. Бу университет анъана ва инновацияни уйғунлаштирган ҳолда умумтуркий интеллектуал экотизимни яратишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, сунъий интеллект, креатив иқтисодиёт, рақамли технологиялар соҳасида “йўл харитаси” лойиҳаси ҳам замонавий дунёга юзланган таълим тизими учун муҳим қадам ҳисобланади. Бу ташаббус туркий университетларни рақобатбардош ва глобал миқёсда илғор мавқега чиқариш имконини беради.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йилда “Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижоди – Туркий дунё маънавий ҳаётида” дея номланган мавзуда халқаро конференция ўтказиш таклифи эса туркий халқларнинг маънавий уйғониши сари ташланган қадамдир. Бу ташаббус фақат ўтмишни ёдга олиш эмас, балки келажакни маънавият, бағрикенглик ва умумий қадриятлар асосида қуришга чақирувдир.
Габала саммитида янграган ҳар бир таклиф – бу шунчаки баёнот эмас, балки янги тарихнинг қомусидир. Туркий дунё ўзининг қадимий илдизлари ва умумий руҳига таяна туриб, XXI асрда янги цивилизация марказига айланмоқда. Президентимиз ғоялари эса бу жараёнда стратегик йўналиш белгилаётган, бирдамлик пойдеворини мустаҳкамлаётган ва умумий келажак сари йўл кўрсатаётган тамсилга айланмоқда.
Энг муҳими, бу чақирув ҳар бир туркий миллат фарзанди учун кимлигини англаш, тарихий масъулиятни ҳис этиш ва буюк келажакни биргаликда қуриш йўлидаги йўлланмадир.
Мақсуджон Юлдашев,
Жиззах давлат педагогика
университети ректори, профессор
ЎзА