Декабрь ойи бошидан Россия нефти учун чегараланган нарх “Катта еттилик” ва Европа иттифоқи мамлакатлари томонидан 23 ноябрда эълон қилиниши мумкин.
Блумберг агентлиги хабардор манбаларга таяниб шу ҳақда ёзмоқда.
Хабарда таъкидланишича, АҚШ 23 ноябрда бўлиб ўтадиган ЕИ элчилари учрашувида бу борада ўз таклифини маълум қилади. Агар ушбу таклиф маъқулланса, чегараланган нарх бўйича келишув натижалари шу куннинг ўзида эълон қилиниши мумкин.
Politico нашри сайтида эълон қилинган мақолада ҳам G7 нарх чеагарасини чоршанба куни эълон қилиши мумкин дейилган. Унда айтилишича, мазкур чекловнинг Евроиттифоқда қўлланиши учун у барча аъзо мамлакатлар томонидан маъқулланиши керак. Назарий жиҳатдан олиб қараганда, ушбу "яшил чироқ" жуда тез қабул қилиниши мумкин. Чунки, ЕИ Россияга қарши қўллаган сўнгги санкциялар пакетида ушбу чоранинг ҳуқуқий асосларини келишиб олганди, дея эслатади мазкур нашр.
АҚШ, Япония, Канада ва Европа Иттифоқи қўллаб-қувватлаган ушбу нарх чеклови кема ташуви ва суғурта компанияларга Россия “қора олтинини” ташиётган танкерларга агар ушбу маҳсулот белгиланган нархдан юқори бўлса хизмат кўрсатишга рухсат бермайди.
Блумберг агентлигининг мазкур ҳужжатга асосланиб ёзишича, Россия нефти учун энг юқори нарх бир баррель учун 40-60 доллар қилиб белгиланади. Бундан ташқари, ЕИ мазкур чекловни жорий қилиш санасигача 45 кунлик ўтиш даврини қўшиш таклифини берган.
G7 мамлакатлари (Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, АҚШ, Франция ва Япония) сентябрь ойида Россия нефтига чекланган нарх белгилашни режалаштираётганини тасдиқлаган эди. Евроиттифоқ эса октябрь ойи бошида Россияга қарши саккизинчи санкциялар пакетини жорий қилди. Унда денгиз орқали ташилаётган Россия нефтига чекланган нарх белгилашнинг қонуний асослари ҳам кўрсатилади.
Ўз навбатида, РФ бош вазирининг биринчи ўринбосари Александр Новак Россия нарх чекловини жорий қилган мамлакатларга нефть сотмаслигини маълум қилганди.