Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
G7 Украина бўйича қўшма декларация қабул қилди
18:22 / 2023-07-13

Куни кеча АҚШ, Германия, Франция, Канада, Италия, Буюк Британия ва Япониядан иборат дунёнинг етти қудратли давлати – “Катта еттилик” гуруҳи Украина бўйича биргаликда имзоланган декларацияни эълон қилди. Ҳужжатда, жумладан, шундай дейилади:

Биз, G7 мамлакатлари етакчилари, хавфсиз, мустақил, демократик ва озод Украинанинг стратегик мақсадига содиқлигимизни яна бир бор тасдиқлаймиз. Украина хавфсизлиги Евроатлантика минтақаси хавфсизлигининг бир қисми, деб биламиз.

Декларация қуйидаги асосий бўлимлардан иборат:

G7 мамлакатлари Украинани қанча талаб қилинса, шунча қўллаб-қувватлайди.

Россия активлари, Киевга “компенсация” тўланмагунча, музлатилган ҳолда қолади.

“Катта еттилик” Украинага узоқ масофага учадиган қуроллар етказиб берилишини устувор йўналиш, деб ҳисоблайди.

G7 мажбурияти Украинани ҳимоя қилиш ва Россияни келгусида эҳтимолий босқинчиликдан тийиб туриш учун зарур барқарор кучлар билан таъминлашни назарда тутади.

“Еттилик” мамлакатлари ва Киев разведка маълумотини алмашади.

Ҳужжат Украина мудофаа саноати ривожини келгусида ҳам қўллаб-қувватлашни кўзда тутади.

G7 зиммасидаги мажбуриятлардан бири Украина қуролли кучларини ўқитиш ва тегишли машқлар ўтказишдир.

Бошқа мамлакатлар “Катта еттилик” қабул қилган декларацияга исталган вақтда қўшилиши мумкин.

Ўз навбатида, Киев иттифоқчилар хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшиш мажбуриятини олади ва мамлакатга кўрсатилаётган ёрдам бўйича ҳисобот шаффофлигини таъминлайди. Бундан ташқари, Украина томони ҳуқуқ-тартибот идоралари, суд ва корпоратив бошқарув тизимини ислоҳ қилиш ҳамда коррупцияга қарши кураш мажбуриятини олди.

Декларацияда Киевнинг қуролли кучлар устидан демократик фуқаровий назоратни кучайтириш орқали мудофаа саноатини модернизациялаш мажбурияти ҳақида ҳам гап борган.

Хабарда “Катта еттилик” томонидан Украинага хавфсизлик кафолати берилиши расмий Кремль томонидан совуқ қарши олингани айтилмоқда. Хусусан, Россия Президенти вакили Дмитрий Песков  Москва ушбу ҳужжатга салбий муносабатда эканини билдирди. Унинг таъкидлашича, ушбу қарор ўрта, узоқ ва ҳатто, қисқа муддатли истиқболда ўта салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Кремль НАТО ва Украина музокарасини диққат билан кузатаётганини таъкидлаган. Москва эслатишича, Киев режимининг, айнан, НАТОга қўшилиш нияти ҳарбий амалиёт бошланиши сабаблардан биридир.

11-12 июль кунлари Вильнюсда бўлиб ўтган НАТОнинг икки кунлик саммитида Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам иштирок этган.

С.Раҳимов, ЎзА