Бу ҳақда Индонезиянинг Бали оролида бўлиб ўтаётган матбуот анжуманида чиқиш қилган БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш маълум қилди.
БМТ раҳбари “Катта йигирмалик”ни иқлим ўзгариши ва барқарор ривожланиш билан боғлиқ муаммоларни, жаҳон озиқ-овқат ва энергетика инқирозини ҳал этиш, шунингдек, рақамли транформация соҳасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлашга чақирди, деб хабар бермоқда ташкилот матбуот хизмати.
“Ушбу саммит – келишмовчиликларни бартараф қилиш, турли инқирозларга жавоб излаш майдонидир”, – дея таъкидлади жаноб Гутерриш.
Иқлим ўзгариши давримизнинг энг жиддий чақириғи эканини инобатга олиб, Бош котиб “G20” етакчиларига глобал чиқиндининг 80 фоизи айнан шу мамлакатлар ҳиссасига тўғри келишини эслатди.
“Давлат етакчилари иқлим бўйича бирдамлик пактини қабул қилиши ёки бекор қилиши мумкин. Мен эса эртага бу ҳужжатни яна қайтадан киритмоқчиман. Ушбу пактга мувофиқ, қудратли давлатлар ўн йил ичида глобал ҳароратни 1,5 даражада ушлаб туриш учун қўшимча саъй-ҳаракатларни ишга солиши зарур”, – қўшимча қилди Антониу Гутерриш.
Эслатиб ўтамиз, БМТ Иқлим бўйича конференцияси доирасида ташкилот раҳбари ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларга бутун сайёрамиз аҳолиси фаровонлиги йўлида ресурс ва имкониятларни бирлаштирадиган Иқлим бўйича бирдамлик пакти тузишни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, бой давлатлар ва халқаро молиявий институтлар ривожланаётган юртларга қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтишни тезлаштириш учун молиявий ва техник ёрдам кўрсатиши лозим.
Г. Абдуллаева, ЎзА