Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
G20 етакчилари Нью-Деҳли саммити якуний декларациясини имзоладилар
23:00 / 2023-09-09

Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳлида ташкил этилган G20 мамлакатлари раҳбарлари иштирокидаги навбатдаги саммит ниҳоясида махсус декларация қабул қилинди.

Ушбу ҳужжатда Россия ва Украина ўртасида давом этаётган низо фонида ядро қуролидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги таъкидланган.

“БМТ Низомига мувофиқ, барча давлатлар ҳар қандай мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ёки сиёсий мустақиллигига қарши, муайян ҳудудни эгаллашга қаратилган ҳаракатдан, шунингдек ядро қуролидан фойдаланишга эришиш учун таҳдид ва куч ишлатишдан тийилиши керак”, – дейилади ҳужжатда.

Шу билан бирга декларацияда ривожланаётган ва кам ривожланган мамлакатлар БМТ Барқарор ривожланиш мақсадига эришиш йўлидаги тараққиётга тўсқинлик қилаётган пандемия ва иқтисодий зарбалар таъсиридан тикланиш учун ҳануз курашаётгани, бу ҳолат юзасидан турли фикр, баҳолар мавжудлиги қайд этилган.

Ҳужжатда Туркиянинг ғалла битими бўйича ҳаракатига ҳам эътибор қаратилган:

– Биз Туркия ва БМТ воситачилигида Россия озиқ-овқат маҳсулотлари ва ўғитини жаҳон бозорига чиқариш бўйича Истанбул келишувига эришишга қаратилган саъй-ҳаракатни юқори баҳолаймиз.

Декларация Россия ва Украинадан ғалла, озиқ-овқат ва ўғитни зудлик билан ва тўсиқсиз экспорт қилишга чақиради. Бу ривожланаётган ва кам ривожланган мамлакатлар, асосан Aфрика талабини қондириш учун зарур.

Якуний ҳужжатда аъзо давлатлар молия вазирлари ва марказий банк раҳбарлари криптовалюта йўл харитасини 2023 йил октабрь ойида муҳокама қилишлари ҳам қайд этилган:

– Биз G20 Молиявий барқарорлик кенгашининг криптовалюта активларини тартибга солиш, назорат ва мониторинг қилиш бўйича юқори даражадаги тавсияларини маъқуллаймиз.

Бундан ташқари декларация ривожланаётган мамлакатлар 2030 йилгача эмиссия бўйича мақсадларига эришиши учун 5,8-5,9 триллион доллар кераклиги таъкидланган.

Кучли йигирмалик етакчилари саммити ҳар йили бир марта турли мамлакатларда ўтказилади. Бу йил тадбир Ҳиндистонда “Бир ер, бир оила, бир келажак” шиори остида ўн саккизинчи бор ўтказилди. Тадбирнинг асосий мавзуси “Инклюзив ва барқарор дунё” деб номланиб, Ҳиндистон биринчи марта форумга мезбонлик қилди.

ЎзА