English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Гўштнинг нархи нега ошди?"
12:24 / 2020-08-20

Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Молия вазирликлари томонидан янги ўқув йили учун тўлов-шартнома миқдори бўйича кундузги ўқийдиган талабаларга 10 фоиз чегирма берилиши ижтимоий тармоқларда кенг мунозараларга сабаб бўлмоқда.


Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Молия вазирликлари томонидан янги ўқув йили учун тўлов-шартнома миқдори бўйича кундузги ўқийдиган талабаларга 10 фоиз чегирма берилиши ижтимоий тармоқларда кенг мунозараларга сабаб бўлмоқда.

“Халқ сўзи” газетасида чоп этилган "Талаба шартнома пулини тўлолмаса, нима қилиши керак?" сарлавҳали материал айни шу мавзуга бағишланган. Материалда келтирилишича, пандемия шароитида таълимнинг масофавий ташкил этилиши унинг сифатига ҳам салбий таъсир қилаётгани, талабалар овқатга ёки дорига пул топишга қийналаётгани, авваллари ишлаб ёхуд ёлланма меҳнат орқали ўқишига пул тўлаётган талабаларнинг кўпчилиги ҳозир ишидан ҳам айрилгани айтилмоқда. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан бундай шароитда, шартнома тўловидан 10 фоиз чегирма берилиши жуда кам, деб баҳоланаётир ва 30-40 фоиз чегирма бўлиши лозим, дея мулоҳаза билдирилмоқда. "Юксалиш" умуммиллий ҳаракатида Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган йиғилишда айни шу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, нашр саҳифаларидан "Рақобат йўқ жойда монополия илдиз отаверади", "Карантин талаблари юмшатилмоқда, аммо бу касаллик тугади эмас" сарлавҳали материаллар ҳам жой олган.

"Янги Ўзбекистон" газетасида ҳам юқоридаги мавзуда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Қўнғиротбой Шариповнинг "Муаммолар ҳақида бонг уриш эмас, уларни биргаликда бартараф этиш лозим" номли мақола босилган. Унда ёзилишича, бугун “масофавий таълим ўқиш харажатларни қисқартиради, шу боис, контракт тўловларини ҳам камайтириш керак”, деган фикрлар тез-тез қулоғимизга чалинади. Айрим талабалар кўрсатилаётган таълим хизмати контракт тўловларига мутаносиб эмас, деб ҳисобламоқда. Контракт суммаларининг нималарга сарфланаётганига қизиқиш билдирмоқда. Айни сабабдан муаллиф материалда ўзи раҳбарлик қилаётган олий таълим муассасасида контракт маблағлари қандай мақсадларда ва қанча миқдорда сарфланаётганини очиқлаган...

"...Равшанбек Аҳмедов АҚШдаги Гарвард университетида таҳсил олган бўлиб, рус, инглиз ва турк тилларида эркин мулоқотга кириша олади, – дейилади "Қишлоқ ҳаёти" газетасида босилган "Томорқа беҳисоб бойлик манбаи" сарлавҳали мақолада. – Равшанбек айримларга ўхшаб хориждаги машҳур компанияларда қолишни орзу қилмади.

Аксинча, отасига муносиб шогирд бўлишни истади. Ота-бола “Оқ сув” фермер хўжалигида фаолият кўрсатишар экан, мамлакатимизда юз бераётган инқилобий ўзгаришларга хос равишда илғор технологияларни жорий этишни тезлаштириш зарурлигини ҳис этишди. Равшанбек бир қанча лойиҳаларни олға сурди ва уларнинг ҳар бирини отаси ҳукмига ҳавола этишдан чекинмади. Унинг томорқа эгалари билан ҳамкорликда ишлаш ва бунинг учун зарур бўлган инфратузилмани яратиш билан боғлиқ лойиҳаси ота кўригидан аъло даражада ўтди..."

"Оила даврасида" газетасида берилган "Гўштнинг нархи нега ошди?" сарлавҳали материалда ёзилишича, кимдир эътибор берди, кимдир бермади шу кунларда пойтахтда ва айрим вилоятларда гўштнинг нархи сезиларли ошди. Тошкентдаги бозорларнинг гўшт расталарида охирги бир ой билан солиштирганда, бир килограмм мол гўшти камида 3-4 минг сўмга, супермаркету бошқа озиқ-овқат дўконларида эса беш минг сўмгача қимматлаганини сезган бўлсангиз керак. Хўш, халқимиз шундоқ ҳам карантин қамалидан чўнтаги юпқариб чиққан бир вақтда гўшт нархининг ошишига нима сабаб бўлмоқда? Мол қимматладими ёки молнинг озуқаси нархи кўтарилдими? Балки қассоблар нархни юқорилатиб олишаётгандир?.. Ана шу саволларга жавоб изланар экан, мақола "жаноб мутасаддилар, бугун гўшт нархи ошаётган экан, мабодо яна ўша эскича усул билан муаммони ҳал этишга уринманг. Ўзингизни ҳам, бошқаларни ҳам қийнаманг" деб хулосаланади...

"Яқинда O‘zLiDeP фракцияси аъзолари муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳасида халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг котибиятларини тузиш таклиф этилмоқда. Маҳаллий кенгашларни ҳалигача ҳокимлар бошқараётган бўлса, бу тузилма амалиётда қанчалик самара беради? "ХХI asr" газетасида чоп этилган "Мен нега қарши овоз бердим?" номли мақолада шу ҳақда сўз юритилади. "Йиғилишда ушбу масалага оид савол ва таклифларимни қонун ташаббускорларига берсам, қониқарли жавоб ололмадим, – деб ёзади материал муаллифи, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зафар Худойбердиев. – Шу сабабли бу қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи йиғилиши кун тартибига киритилишига қарши овоз бердим..."

***

Янги рукн ва бугунги шарҳ ҳақидаги фикр, таклиф ва истакларингизни pochta@uza.uz манзилида кутиб қоламиз.