Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ФВВ: Рейдларда чўмилиш тақиқланган ҳудудларда 4 мингга яқин фуқаро аниқланган
12:37 / 2025-06-09

АОКАда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ўқувчиларнинг ёзги таътилини мазмунли ташкил этиш бўйича “Долзарб 90 кун” доирасида қилинаётган ишлар бўйича брифинг бўлиб ўтди.

Унда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Жаҳонгир Ҳасанов маълумот берди.

Қайд этилганидек, “Долзарб 90 кун” тадбирлари доирасида асосан 2 та йўналишдаги ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, биринчи йўналиш – республикамиздаги қўриқланадиган ва қўриқланмайдиган очиқ сув ҳавзаларида бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, иккинчи йўналиш – ёшларни “қутқарувчи” касбига қизиқтириш, уларда фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган турли танлов ва мусобақаларни ўтказиш режалаштирилган.

Жумладан, танлов ва мусобақалар республикамизнинг барча маҳаллалари, умумий ўрта таълим мактабларида ташкил этиладиган 1239 та кундузги оромгоҳда ҳамда 187 та ёзги болалар оромгоҳида аниқ режа-график асосида ташкил этилиши белгилаб олинган.

Бунда маҳаллалардаги 17-30 ёшдаги ёшлар ўртасида “Мен қутқарувчиман” мусобақасини уч босқичда ўтказиш режалаштирилган.  

Бугунги кунга қадар, “Долзарб 90 кун” тадбирлари доирасида 1 102 та маҳалла, 52 та стационар ёзги оромгоҳлар, 23 та мактабларда ташкил этилган кундузги оромгоҳларда жами 2 мингдан ортиқ тадбирлар ўтказилди ва уларга 32 мингдан ортиқ ёшлар жалб этилди.  

Ёз мавсуми бошланиши билан ҳар йили мамлакатимиздаги қўриқланмайдиган очиқ сув ҳавзаларида бахтсиз ҳодисалар қайд этилиши кузатилади. Бу борада тарғибот-ташвиқот ва профилактик рейдларни ўтказиш самарали ва таъсирчан механизм ҳисобланади.

Шу мақсадда жорий йилнинг май ойидан бошлаб республикамиздаги барча очиқ сув ҳавзалари хатловдан ўтказилиб, чўмилиш тақиқланган жойларга махсус белгилар ўрнатилиши ташкил этилди. Шунингдек, профилактик рейдлар ҳамкор вазирлик ва идораларнинг мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан ҳар куни ўтказилиши йўлга қўйилди.

Жорий йилнинг июнь ойида 200 дан ортиқ рейдлар ўтказилиб, 4 мингга яқин фуқаро чўмилиш тақиқланган ҳудудларда аниқланган. Уларнинг қарийб 80 фоизи ёшларни ташкил этади. Рейдлар давомида ёшларга тақиқланган жойларда чўмилишнинг салбий оқибатлари бўйича тушунчалар берилиши, тарғибот воситалари тарқатилиши ташкил этилмоқда.

Шунингдек, сув ҳавзалари яқинида истиқомат қилувчи аҳоли билан учрашувлар ўтказилиб, болаларни қаровсиз қолдирмаслик, тақиқланган жойларда чўмилишига йўл қўймаслик борасида ота-оналарга тушунчалар бериб келинмоқда.

Мамлакатимизда “Долзарб 90 кун” тадбирларини юқори савияда ва манзилли ташкил этиш ишлари давом этмоқда.

Гулноза Бобоева,

ЎзА