Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Фавқулодда вазиятлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Элёр Аҳмадалиев иштирокида брифинг ташкил этилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 1 март кунидан 1 апрель кунига қадар республикамизда “Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси ойлиги” ташкил этилмоқда.
Ушбу ойликдан кўзланган мақсад баҳор мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар, хусусан сел, тошқин ва кўчки ҳодисалари, овқатдан заҳарланиш ва Қрим-Конго касаллиги билан боғлиқ мавсумий фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларни амалга оширишдан иборат.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, республика бўйича 800 дан зиёд иқтисодий ва 10 мингдан ортиқ ижтимоий объектлар, шунингдек сел, тошқин ва кўчкига хавфли 35 та объект ўрганиб чиқилган. 40 дан ортиқ камчиликлар бартараф этилган.
Фавқулодда вазиятлар бошқармалари, “Ўзгидромет” хизмати, Хавфли жараёнларни кузатиш давлат хизмати томонидан сел, тошқин ва кўчкига хавфли ҳудудларда 579 та хўжаликлардаги ҳолат кўздан кечирилган.
Ҳудудий Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармалари билан биргаликда инсонларнинг сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланишининг олдини олиш бўйича жами 4 минг 700 дан зиёд бозорлар, савдо мажмулари ва бошқа объектларда ўрганишлар олиб борилган ва 3 минг кг.дан ортиқ сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолдан чиқарилган.
Қрим-Конго касаллигининг олдини олишга қаратилган тадбирларда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармалари, ветеринария хизмати билан биргаликда 5 минг 520 та объект ўрганилиб, 473 минг 14 метр кв. майдон кимёвий ишлов бериш орқали зарарсизлантирилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА