Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ФВВ огоҳлантиради: Ҳаво ҳароратининг кўтарилиши сел, кўчки ва сув тошқинларининг юзага келиш эҳтимолини кучайтиради
15:39 / 2023-02-03

Кучли ёғингарчиликлар туфайли сел-тошқинларни олдини олиш бўйича мамлакатимизда қандай чоралар кўриляпти? Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Мавлон Юнусов мазкур савол юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:

– Сўнгги йилларда аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2022 йилда Тошқинга қарши ҳукумат комиссияси томонидан республика аҳолисини ва ҳудудларини тошқин сувлари, сел оқимлари ва кўчки ҳодисалари хавфи билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича тегишли вазирлик ва идораларга вазифалар белгиланди.   

Манфаатдор вазирликлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қатор тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, хавфли ҳудудлардан кўчирилиши лозим бўлган жами 46 та хўжаликлардан 44 та хўжалик доимий, 2 та хўжалик хавфсиз худудларга вақтинча кўчирилди. Аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ички ишлар ва жамоатчилик вакилларидан иборат 143 та назорат-кузатув постлари ташкил этилди.  

Тошқинга қарши Ҳукумат комиссияси томонидан тасдиқланган Йиғма манзилли дастурларга мувофиқ, 87 та вилоят ҳокимликлари тасарруфидаги дарё ва сойлардаги объектларда республика бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобига муҳандислик-ҳимоя ишлари олиб борилди. Хавфли ҳудудларда дарёлар, сойлар ва каналлар ўзанларини тозалаш, қирғоқ ва дамбаларни мустаҳкамлаш тадбирларини амалга ошириш бўйича 179 та махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилди.  

2022 йил давомида жойларда олиб борилган қатор профилактика ва муҳофаза тадбирларига қарамасдан, Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида сел-тошқин билан боғлиқ бир нечта нохуш ҳолатлар ва фавқулодда вазиятлар қайд этилган. Бу эса бир неча фуқароларнинг вафот этиши, жароҳат олиши, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқаларга зарар етишига сабаб бўлди.  

2023 йилда ҳам республика аҳолисини, ижтимоий соҳа ва бошқа объектларни ҳамда экин ер майдонларини баҳор-ёз мавсумида юзага келиши мумкин бўлган табиий хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш мақсадида қатор тадбирлар амала оширилмоқда.  

Жумладан, Фавқулодда вазиятлар вазирлигида Сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзгидромет”, Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, Автомобиль йўллари қўмитаси ходимларидан иборат республика идоралараро “Тезкор штаб” ташкил этилди. Мазкур штаблар республиканинг барча вилоятларида ҳам фаолияти таъминламоқда.  

Тоғ олди ҳудудларидаги аҳоли пунктларида ҳамда дам олиш масканларида хавф-хатардан огоҳлантирувчи ускуналар ўрнатиш, хатарли ҳудудларни вақтинча чеклаш чоралари кўрилмоқда. Тарғибот ва ташвиқот ишларини, айниқса оммавий ахборот воситалари, уяли алоқа тармоқлари орқали фуқароларни огоҳлантириш ишлари янада кучайтирилди.  

“Қамчиқ” довонидаги “Чинор”, “Шеробод” йўл патрул хизмати масканларида кучли ёғингарчилик ва музлама вақтида оғир ва хавфли юк ташувчи транспорт воситаларини довонда ҳаракатланишини чеклаш чоралари кўрилмоқда. Хавфли ҳудудларда аҳолининг дам олишини ҳамда республикамизнинг сел йўллари атрофидаги яйловларда, кўчки хавфи мавжуд ҳудудларда чорва моллари боқилишини тақиқлаш чоралари кўрилмоқда.  

Республиканинг хавфли ҳудудларидаги автомобиль ва темир йўлларни ҳамда кўприкларни ҳимоя қилиш ишларини амалга ошириш, шунингдек, уларда узлуксиз ҳаракатни ҳамда бириктирилган куч ва воситаларнинг доимий шайлигини таъминланган.  

“Ўзгидромет”нинг маълумотига кўра, февраль ойининг биринчи ўн кунлигида республикамизда кутилаётган ҳаво ҳарорати +10 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Ҳаво ҳароратининг кўтарилиши – қор ва музлар эришини тезлаштириб, сел, кўчки ва сув тошқинларини юзага келиши эҳтимолини янада кучайтиради.  

Сел оқимлари жала ёғиши, тоғ қорларининг эриши, тоғ сув ҳавзалари, музлаган сув ҳавзаларининг ўпирилиши натижасида юзага келиши мукин. Фуқаролар ўзи яшайдиган уйнинг сел келиш, тошқин ва кўчки хавфи мавжуд ҳудудда эканлиги бўйича маълумотларга эга бўлиши ҳамда мутахассислар тавсияларига қатъий амал қилиши лозим.  

Тошқин, сел ва кўчки хавфи инсонларнинг ҳаёти, соғлиги ва моддий бойликларга хавф туғдиришини доим ёдда тутиш керак. Сел оқими жуда тез шаклланиши, унинг давомийлиги 3-5 соатгача етишини билиш мухим. Адирликлар, тоғ ён бағирлари, ўзбошимчалик билан ерларни ўзлаштиришмаслик, у ерларда агротехник тадбирлар қоидаларини бузмаслик лозим. Сел омборлари, сел йўллари ва кўчки хавфли ҳудуларда уй-жой ва бошқа объектлар қурилишига йўл қўймаслик керак.  

Ҳудудларда иригация тизимлари объектлари, сел омборлари ва бошқа сув тизими объектларидан қонунга хилоф равишда сув олиш ёки бошқа мақсадларда дамбаларига зарар етказмаслик лозим. Сел хавфи эълон қилинганда имкон борича мазкур ҳудудларга дам олиш ва бошқа мақсадларда харакатланмаслик талаб этилади.  

Аҳоли хонадонлари ва уйларида мавжуд сув ўтказгичларни доимо тозалаб, шай ҳолатда сақланишига эътибор қаратиш. Сел оқимлари йўлида ўзбошимчалик билан дарахтзорлар ташкил этмаслик зарур, – деди ФВВ масъули.  

 

ЎзА