Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Мавлонбек Досчанов соҳага тегишли маълумотларни тақдим этди.
Қайд этилишича, республикамизда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятлар рўй берганда аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилишни таъминлаш мақсадида ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан туну-кун профилактик-огоҳлантирув тадбирлари амалга оширилмоқда.
Шунга қарамасдан ёнғинлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг содир бўлаётгани кузатилмоқда. Жорий йил 15 январь кунига қадар юз берган ёнғинлар сони ўтган йилга нисбатан икки баробар ошганлиги кузатилди.
Ёнғин келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинганда, аксарият ҳолларда аҳоли яшаш жойларидаги ёнғинлар газ ва электр иситиш мосламаларидан фойдаланишда техника, ёнғин ва электр хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаслиги оқибатида келиб чиқаётгани маълум бўлган.
Об-ҳаво ҳароратининг пасайиб бориши натижасида газ, электр ва бошқа турдаги муқобил ёқилғи иситиш мосламаларидан фойдаланишга бўлган эҳтиёж ортиб боради. Бундай пайтларда иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш оқибатида кўнгилсиз ҳодисалар содир бўлиши ҳамда ёнғинлар билан боғлиқ турли фавқулодда вазиятларга олиб келиши мумкин.
Шунингдек, фуқаролардан турли кўнгилсиз ҳодисаларни олдини олиш мақсадида газ ускуналаридан ва иситиш мосламаларидан фойдаланишда ёнғин ва хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиш ҳамда қўлбола ва носоз газ ҳамда электр иситиш мосламаларидан фойдаланмаслик сўралади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА