Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тасарруфидаги янги замонавий меҳмонхонанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мажмуанинг очилиш маросимида қайд этилганидек, мазкур меҳмонхона вазирлик тизимида хизмат сафарлари билан келувчи мутахассислар, хорижий ва маҳаллий меҳмонлар учун қулай шароитлар яратишга хизмат қилади. Шунингдек, бу Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.


Тадбир иштирокчилари томонидан янги меҳмонхонанинг очилиши вазирлик тизимидаги ходимлар ва меҳмонлар учун замонавий, қулай ва муносиб шароитлар яратиш борасидаги ислоҳотларнинг амалий ифодаси эканини таъкидланиб, ушбу маскан келгусида кўплаб муҳим тадбирлар ва учрашувларга мезбон бўлишига ишонч билдирилди.

ФВВ Академиясининг оркестр жамоаси ҳамда таниқли санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар тадбирга ўзгача файз ва шукуҳ бағишлаб, иштирокчиларга байрамона кайфият улашди.

Мазкур меҳмонхонанинг фойдаланишга топширилиши Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг навбатдаги самарали натижаси бўлиб, инфратузилмани янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА