Индонезияда бўлиб ўтаётган Осиё Кубогида гуруҳ босқич учрашувлари ўз якунига етди. Чорак финал жуфтликлари ва ўйинлар санаси ҳам маълум бўлди. Яқин вақтлар ичида шу ҳақида қисқача маълумот берамиз.
“А” гуруҳи
"А" гуруҳининг 3-туридан ўрин олган марказий ўйинда мезбон Индонезия футзалчилари Ироққа қарши паркетга чиқди. Тенг курашлар остида ўтган ўйинда ғолиб номи аниқланмади 1:1. Гуруҳнинг иккинчи ўйинида эса қўшниларимиз Қирғиз Республикаси терма жамоаси Жанубий Корея билан баҳс олиб борди. Қирғиз Республикаси вакиллари рақибдан 3:2 ҳисобида устун келиб, гуруҳда 3-ўринни эгаллади.
Шу тариқа, Индонезия гуруҳни 7 очко билан биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Ироқ терма жамоаси ҳам 7 очко жамғарган ва тўплар фарқига кўра иккинчи поғонани банд этди.
“Б” гуруҳи
Ушбу квартетда 3-турни очиб берган ўйин "Б" гуруҳининг етакчилари Таиланд ва Ветнам ўйини бўлди. Ушбу беллашувда Таиланд футзалчилари минимал ҳисобда ғалаба қозонди ва гуруҳ босқичини биринчи ўрин билан якунлади. Гуруҳнинг иккинчи ўйинида Ливан ва Қувайт терма жамоалари баҳс олиб борди. Учрашувда Қувайт вакиллари йирик 7:2 ҳисобида зафар қучиб, гуруҳда 3-ўринни эгаллади. 3-турдан сўнг Таиланд 9 очко билан биринчи, Ветнам эса 6 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб, плей-офф йўлланмасини қўлга киритди.
“C” гуруҳи
Ўзбекистон терма жамоаси жой олган "С" гуруҳида сўнгги тур беллашувлари жуда қизғин ва интригага бой тарзда ўтди.
Тўрт карра қитъа чемпионига қарши учрашув бироз хавотирли бошланганига қарамай, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳисобни биринчи бўлиб очди. Баҳснинг 7-дақиқасида Шаҳрум Фахриддинов жарима майдонимиз яқинида тўпни рақибдан олиб қўйди ва ўнг қанот бўйлаб ҳужум уюштирди. Бир ҳимоячини ортда қолдирган Фахриддинов совуққонлик билан тўпни дарвозанинг узоқ бурчагига жойлаб қўйди — 1:0.
Гол футболчиларимизнинг ўзига бўлган ишончини оширди ва ташаббус Ўзбекистон томонига ўтди. Япония дарвозабони Силвеира Фахриддиновнинг кетма-кет икки зарбасини қайтарди. Шунингдек, Акбар Усмонов, Музаффар Аҳаджонов, Илҳом Ҳамроев ва Хайрулла Солиҳовлар ҳужумда фаоллик кўрсатишди.
Иккинчи бўлимда Япония ўйин суръатини оширди. Дастлабки сониялардаёқ Элмуродов Шимидзунинг хавфли зарбасини қайтарди. Қарши ҳужумларда имкониятлар бўлди, бироқ Суннатилла Жўраевнинг қулай вазиятдаги зарбасини ҳам Силвеира бартараф этди.
Афсуски, қисқа вақт ичида Шото Яманака икки бор гол уриб, ўйиннинг боришини ўзгартирди. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бир вазиятда Акбар Усмоновнинг маҳорати дарвозамизни аниқ голдан сақлаб қолди.
Гуруҳнинг иккинчи ўйинида эса Тожикистон ва Австралия терма жамоалари 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекди.
Бизнинг гуруҳда Япония юз фоизлик натижа, яъни 9 очко билан биринчи, Ўзбекистон эса 4 очко билан иккинчи ўринда чорак финалга йўл олди. Тожикистон ва Австралия учун мусобақа гуруҳ босқичининг ўзидаёқ якунланди.
“Д” гуруҳи
Гуруҳ босқичини ёпиб берган “Д” гуруҳида сўнгги тур доирасида Эрон ва Афғонистон терма жамоалари пешқадамни аниқлаш учун баҳс олиб борди. Ўйин мобайнида эронликлар рақибларидан устун эканини кўрсатиб, 5:2 ҳисобида ғалаба қозониб ўз ҳисобига 3 очкони ёздириб қўйди. Гуруҳнинг иккинчи учрашувида эса Саудия Арабистони ва Малайзия терма жамоалари паркетга чиқди. Беллашувда катта устунлик кўрсатган саудияликлар рақибни 6:1 ҳисобида тор-мор этди.
Мазкур квартетда Эрон биринчи, Афғонистон эса иккинчи ўрин билан плей-офф йўлланмасини қўлга киритди.
Мазкур турнирда аллақачон чорак финал жуфтликлари ҳам маълум бўлиб улгурди.
Ушбу босқичда Индонезия Ветнам билан баҳс олиб борса, Таиланд Ироқ билан ярим финал остонасида паркетга чиқади.
Чорак финалнинг энг катта афишага эга ўйини эса ҳамюртларимизга тегишли бўлиб, термамиз ўз ўйинини Осиёнинг энг совриндор термаси саналган, 13 карра қитъа биринчилиги ғолиби бўлган Эронга қарши ўтказади.
Футзал томонлама яхшигина ўсишга эришган қўшниларимиз Афғонистон терма жамоаси эса мазкур босқичда Япония билан ўйин ўтказади. Барча учрашувлар 3-февраль санасида бўлиб ўтади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/HKKWT7ce-Ws" title="Futzalchilarimizning chorak finalgacha yoʻli" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Карим Худойқулов, ЎзА