Футзалчиларимиз Япония жамоаси билан куч синашади
Эртага пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида футзал бўйича Ўзбекистон-Япония терма жамоалари ўртасида ўртоқлик ўйини бўлиб ўтади.
Бугун, 15 сентябрь куни мазкур ўйинда иштирок этадиган Япония терма жамоаси аъзолари Тошкентга етиб келди.
Жорий йилнинг 20-24 сентябрь кунлари Бишкек шаҳрида бўлиб ўтадиган "Осиё кубоги-2026" саралаш баҳсларига тайёргарликнинг муҳим босқичи бўлган Ўзбекистон-Япония футзал терма жамоалари ўйини эртага соат 17.00 да бошланади.
Айтиш лозим, "Осиё кубоги – 2026" саралаш босқичида мамлакатимиз футзал жамоаси “Ф” гуруҳида Қирғизистон, Шарқий Тимор ҳамда Фаластин терма жамоалари билан куч синашади.

Бош мураббий Нодир Элибоевнинг билдиришича, Ўзбекистон миллий терма жамоаси эртанги ўртоқлик ўйинига муносиб ҳозирлик кўрди.
Ҳамюртларимиз 18 сентябрь куни Бишкекка йўл олади.
Т.Рўзиев,
ЎзА