English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Футзалчиларимиз пешқадам бўлиб олишди
10:56 / 2023-08-12

II Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги спорт ўйинлари дастуридан ўрин олган, пойтахт четидаги “Уручье” номли спорт саройида бўлиб ўтаётган мини футбол баҳсларида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси мезбон –  Беларусни сезиларли устунлик билан мағлуб этиб, мусобақа тугашига бир тур қолганда етакчиликни қўлга олди. Аввалига Россия билан дуранг ўйнаб, кейин озарбайжонлик тенгдошларини 9:1 ҳисобида ютган йигитларимиз 7 очко тўплади ва ҳозирча жадвални бошқариб бормоқда.

Кўриниб турганидек, Ўзбекистон ва Россия бир хил очко жамғарган, тўплар нисбати эса бизда яхшироқ – 16-4 га 13-4. Охирги тур олдидан жамоамизда олтин медаллар учун ажойиб имконият юзага келган. Зеро, мусобақа низомига кўра, ўйинлар ғолиб ва совриндорлари бир даврали айлана тизим ёрдамида аниқланади. Бугун сўнгги рақибимиз Қирғизистонга қарши кечадиган матчдан кейин майдонга Россия ва Беларусь вакиллари тушади. Демак, қардошларимиз устидан ғалаба қозонишимиз шарт ва иложи борича йирикроқ ҳисобда. Иккинчи жуфтлик ҳам фақат ютуқ учун ҳаракат қилади, кўпроқ тўп киритиб, камроқ ўтказиш ниятида бўлади.

Энди Ўзбекистон – Беларусь ўйини ҳақида.

Биринчи бўлим, кутилганидек, тенг кураш остида кечди ва ҳамюртимиз Жаҳонгир Нарзуллаевнинг ягона голи эвазига ҳисобдаги устунлик биз томонга ўтди. Ҳакамнинг танаффусга чорловчи ҳуштаги янграшига атиги 15 сония қолганда киперимиз Умаров 100 фоизлик голли вазиятда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Айнан шу ҳаракат футзалчиларимизга руҳий устунлик бағишлаб, уларни 2-бўлимда ишонч билан тўп суришга илҳомлантирди. Қолаверса, иккинчи таймда майдон эгалари ҳужумни кучайтиришларини яхши англаб етган мураббийларимиз қарши ҳужум тактикасини маъқул кўриб, жуда тўғри йўлни танлашди.

2-бўлим тўлиқ Беларусь футзалчилари ҳужуми остида ўтди. Аширбек Тўлқинов эса икки бор рақибларни қарши ҳужумда жазолади – 0:3. Учрашув якунланишига 4 дақиқа қолгандан бошлаб, майдон эгалари  бош мураббийи охирги чорани қўллашга мажбур бўлди – дарвозабонни бешинчи ўйинчи билан алмаштирди. Бу усул ҳам Беларусь зарарига, Ўзбекистон фойдасига ишлади. Майдон марказида рақибдан тўпни олиб қўйган Фазлиддин Ботиров узоқ масофадан туриб очиқ дарвозани аниқ нишонга ола билди. Бу ўйин тақдири ҳал бўлганини билдирарди. Якуний ҳисоб меҳмонлар фойдасига – 4:0.

Адолат юзасидан Ўзбекистон терма жамоаси дарвозасини ишонч билан қўриқлаган Умаров ҳар икки таймда бир неча мартадан 100 фоизлик вазиятларда жамоасини голдан асраб қолганини эътироф этиш керак.

Яна бир бор таъкидлаб ўтаман, футзал бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасида II МДҲ спорт ўйинлари ғолиблигини қўлга киритиш учун яхшигина имконият бор.

Ҳал қилувчи ўйинни футзалчиларимиз бугун маҳаллий вақт билан соат 14.00, Тошкент вақти билан 16.00 да ўтказади.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/jcZJiPn2S1Y" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Ғайрат ХОННАЗАРОВ,

Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (сурат, видео), ЎзА

Минск, Беларусь