Пойтахтимиздаги «Юнусобод» спорт мажмуасида бир неча кундан буён давом этаётган футзал бўйича «Мираброр Усмонов кубоги» учун хотира турнири ниҳоясига етди. Турнирда Тожикистон, Қирғизистон, Гватемала ва Ўзбекистон терма жамоалари иштирок этди.
Кеча хотира турнирининг финал баҳслари бўлиб ўтди. Ўзбекистон турнир ғолиблиги учун бўлиб ўтган баҳсда яна бир бор Гватемала жамоаси билан учрашди. Кескин ва муросасиз ўтган учрашув вакилларимизнинг ғалабаси билан якун топди: Ўзбекистон – Гватемала 7:4.
[gallery-18404]
Баҳслар якун топгач, мусобақанинг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Аввало, хотира турнирида маҳорат кўрсата олган футзалчилар турли номинациялар бўйича тақдирланди. Сўнгра жамоаларни тақдирлаш бошланди. Унга кўра, «Мираброр Усмонов кубоги» хотира турнирининг 3-ўрин соҳиби – Тожикистон жамоаси бўлди. 2-ўринни эса Гватемала жамоаси эгаллади. Турнир ғолиби – Ўзбекистон жамоасига кубок топширилди.
Хотира турнири якунида бўлиб ўтган матбуот анжуманида, Ўзбекистон жамоаси бош мураббийи Хосе Венансио Лопес мусобақа футзал бўйича бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати олдидан жуда катта тайёргарлик бўлганини таъкидлаб ўтди.
Муҳаммад АМИН(сурат),ЎзА