Бугун, 16 январь куни "Осиё кубоги-2026" мусобақаси олдидан ўқув машғулотда қатнашаётган футзал бўйича миллий терма жамоамиз Ўзбекистон футбол ассоциацияси машғулот майдонида Кувайт терма жамоасига қарши биринчи назорат учрашувини ўтказади.
Мураббийлар штаби қитъа чемпионати олдидан ўтказилаётган сўнгги йиғинга 20 нафар футзалчини жалб этди.
Футзалчиларнинг функционал тайёргарлигини маромига етказиш устида иш олиб бораётган Нодир Элибоев шогирдлари 18 январь куни ушбу жамоа билан иккинчи назорат ўйинида майдонга тушади.
Эртага, 17 январь куни эса Осиё футбол конфедерациясида қитъа чемпионати учун дедлайн куни муносабати билан иштирокчи жамоалар якуний таркиблари бўйича маълумотларни тақдим этишлари лозим бўлади.
Айтиш лозим, томонларнинг келишувига биноан ёпиқ тарзда ўтказиладиган мазкур ўртоқлик учрашувлари ҳар иккала жамоа мураббийлари учун муҳим аҳамиятга эга. Мазкур баҳсдан сўнг мураббийлар штабимиз Ватанимиз шарафини Индонезия майдонларида ҳимоя қиладиган якуний таркиб бўйича қарор қабул қилади.
Эслатиб ўтамиз, 27 январь-7 февраль кунлари Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтадиган Осиё кубоги финал босқичида Ўзбекистон “C” гуруҳида Япония, Австралия, Тожикистон терма жамоалари билан куч синашади.
Т.Рўзиев,
ЎзА