Пойтахтимизда Ўзбекистон футзал федерацияси томонидан ўтказилган “UTSAL AWARDS – 2025” тадбирида йил якунлари сарҳисоби қилиниб, муносиблар тақдирланди.
Тадбирда иштирок этган мутасаддилар, ўзбек футболи ривожига муносиб ҳисса қўшган Биродар Абдураимов каби футболимиз фахрийлари, мутахассислар ўтаётган йил нафақат футбол, балки футзал учун ҳам ҳар жиҳатдан муваффақиятли кечганини таъкидлади.

Бу, мамлакат миқёсидаги чемпионатлар ва кубок баҳсларининг тизимли тарзда ташкил этилганида, ҳудудларда футзалга эътибор ортганида, мухлисларнинг ўйинларга ташрифида, халқаро ҳамкорлик алоқаларининг янги босқичга кўтарилганида, терма жамоаларимизнинг нуфузли мусобақаларда муносиб қатнаша бошлаганида яққол намоён бўлди.

Маросимда футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионати финал босқичига йўлланмани қўлга киритгани алоҳида қайд этилди.
Ўзбек футзали нафақат Осиёда, балки жаҳон футзалида ҳам ўз ўрни ва нуфузига эга бўлиб бораётгани, бу ютуқларда футзал жамоатчилиги, спортчилар, мураббийлар, мутахассисларнинг ҳиссаси катта бўлгани таъкидланди.

Шундан сўнг йил лауреатларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Мутахассис ва белгиланган ҳайъат аъзоларининг овоз бериши натижасида Музаффар Ахаджонов (BMB) "Йилнинг энг яхши футзалчиси”, Фузулий Хайруллоев (Oil Star) "Йилнинг энг яхши мураббийи”, деб топилди. Шунингдек, яна 7 та номинация совриндорлари махсус мукофотларга лойиқ кўрилди.
Т.Рўзиев, ЎзА