Индонезиянинг Жакарта шаҳрида футзал бўйича ўтаётган Осиё кубогида иккинчи тур учрашувлари ўз якунига етди.
Кубок баҳсларининг “А” гуруҳида Индонезия ва Ироқ терма жамоалари иккинчи турда ҳам ғалаба қозониб, очколарини 6 тага етказган ҳолда муддатидан аввал навбатдаги босқичга чиқди.

Қирғизистон ва Жанубий Корея жамоалари эса 3-4-ўринда қолди. Энди 31 январь куни бўлиб ўтадиган учинчи турда пешқадамлар ўзаро тўқнашса, қуйи ўриндагилар бир-бири билан куч синашади.
“Б” гуруҳида ҳам кутилганидек, Таиланд ва Вьетнам бу турда зафар қучиб, 6 очкога эга бўлди ва чорак финалга йўлланмани қўлга киритди. Кувайт ва Ливан қуйи ўринни банд этди. Шу тариқа 1-2 ўрин соҳиблари ва 3-4 ўринни эгаллаган терма жамоалар 3-турда шунчаки расмиятчилик учун ўзаро рақобатлашади.

Биз учун аҳамиятли бўлган “С” гуруҳида Осиёнинг тўрт карра чемпиони Япония 3:0 ҳисобида Тожикистонни таслим этди ва 6 очко тўплаб, гуруҳ босқичидан муваффақиятли ўтди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса Австралияни 4:2 ҳисобида енгди.
Натижада футзалчиларимиз 4 очко билан иккинчи ўринни эгаллади. Гуруҳда Тожикистон 1 очко жамғариб, учинчи ўринни банд этди. Австралия термаси очкосиз мусобақани ушбу босқичда якунлаши аниқ бўлди.

“С” гуруҳидаги учинчи тур ўйинлари 1 февраль куни бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон – Япония, Тожикистон – Австралия термалари куч синашади.
“Д” гуруҳида эса Эрон ва Афғонистон учинчи тур олдидан 6 очко билан гуруҳ карвонбошилари сифатида 1/4 финалга йўлланмани қўлга киритди. Малайзия ва Саудия Арабистони терма жамоалари эса 3-4 поғонага жойлашди.
1 февраль куни 3-тур доирасида бу гуруҳда Эрон ва Афғонистон, Малайзия ҳамда Саудия Арабистони тўқнаш келади. Ушбу ўйинларнинг натижаси гуруҳдаги ҳолатга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА