Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Футзал: "Осиё кубоги-2026" саралаш баҳслари бошланмоқда
14:41 / 2025-09-17

Жорий йилнинг 20 сентябридан 31 та миллий терма жамоа иштирокида футзал бўйича "Осиё кубоги-2026" саралаш баҳсларига старт берилади. 8 гуруҳга тақсимланган 31 та жамоанинг 28 таси еттита гуруҳда, 3 таси битта гуруҳда ғолиблик учун кураш олиб боради.

Куни кеча пойтахтимизда Япония футзалчилари билан ўртоқлик учрашуви ўтказган Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида бўладиган "Ф" гуруҳи саралаш ўйинларида майдонга тушади. Ҳамюртларимиз ўз гуруҳида Қирғизистон, Шарқий Тимор ҳамда Фаластин терма жамоаларига қарши ўйнайди.

Эртага, 18 сентябрь куни Қирғизистонга йўл оладиган Нодир Элибоев бош мураббийлигидаги футзалчиларимиз дастлабки учрашувни 20 сентябрь куни Фаластин терма жамоасига қарши ўтказса, 22 сентябрда Шарқий Тимор, 24 сентябрь куни мусобақа мезбони Қирғизистон терма жамоаси билан куч синашади.

Мусобақа тақвимига кўра, гуруҳларда биринчи ўринни эгаллаган жамоалар "Осиё Кубоги-2026" мусобақаси финал ўйинлари иштирокчисига айланади. Шунингдек, гуруҳларда иккинчи ўринни эгаллаган энг яхши кўрсаткичга эга етти жамоа ҳам финал чиптасига эга чиқади.

Гуруҳ учрашувларини муваффақиятли ўтказган 15 та жамоага Осиё кубоги финал ўйинлари мезбони Индонезия футзалчилари қўшилади.

Эслатиб ўтамиз, "Осиё кубоги-2026" финал ўйинлари 2026 йилнинг 27 январь-7 февраль кунлари Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида бўлиб ўтади.

Т.Рўзиев, ЎзА