Футзал бўйича Олий лига 7-тур учрашувлари арафасида мавсумнинг биринчи ярмига якун ясалди. XXIX миллий чемпионатимизда шу пайтгача 6 та тур ортда қолди. Олдинда яна 6 та тур учрашувлари бўлиб, баҳор ойида чемпионатнинг ғолиб ҳамда совриндорлари номи аниқланади.
Шу кунга қадар мухлислар 102 та футзал ўйинларига гувоҳ бўлди. Ушбу баҳсларда жамоалар рақиблар дарвозасини 671 марта ишғол этди. Бу эса ҳар бир ўйинга ўртача 6,57 тадан гол тўғри келаётганини кўрсатмоқда.
Энг сермаҳсул тур Қаршида ўтказилган 4-тур бўлди. Мазкур турда ҳар бир ўйинда ўртача 7,16 тадан гол киритилиб, мавсумнинг энг юқори натижаси қайд этилди.
Аксинча, ўтган йили Жиззах шаҳрида ташкил этилган 3-турда ўртача голлар сони энг пастлиги билан ажралиб турди.
– Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, деярли ҳар бир турда ўртача 6 тадан ортиқ гол қайд этилган. Бу, жорий мавсумда Олий лигада ҳужумкор футбол устун келаётганини, жамоалар ғалаба учун таваккалига тайёр эканини англатади. Айниқса, кучли учликка кириш учун кураш олиб бораётган жамоаларнинг очиқ футбол намойиш этиши умумий статистикага таъсир кўрсатмоқда, – дейди Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот котиби Комилжон Жумаев.
Мутахассисларнинг фикрича, мавсумнинг иккинчи ярмида турнир жадвалидаги рақобат янада кучайиши натижасида жамоаларнинг эҳтиёткор услубга ўтишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас. Шунга қарамай, ҳозирги тенденциялар сақланиб қолса, жорий чемпионат Олий лига тарихида энг сермаҳсул мавсумлардан бири номини олиши эҳтимолдан йироқ эмас.
Т.Рўзиев,
ЎзА