Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Футзал: Жиззахда ўтган 6-тур беллашувлари якунланди
16:05 / 2025-12-11

Жиззах футбол академияси спорт залида футзал бўйича Ўзбекистон чемпионати олий лигасининг 6-тур учрашувлари якунланди.

Мазкур турда жами 18 та беллашуга гувоҳ бўлдик ва унда дарвозаларга жами 120 та гол киритилди. Демак, ҳар бир ўйин ўртача 6,66 тадан гол билан кечди. Бу кўрсаткич сермаҳсуллик борасида 5-турга яқин бўлса-да, 4-турдаги рекорд даража — 7,25 голлик натижадан пастроқ бўлди.

6-турда тўртта жамоа мутлақ ғалаба билан якунлади: “BMB PFC” (Жиззах), ОКМК (Олмалиқ), “Насаф” (Қарши) ва “Локомотив” (Тошкент) учтадан ўйин ўтказиб, учтасида ҳам зафар қучди. Шунингдек, тўртта жамоа — “Бунёдкор” (Тошкент), “Нефтчи” (Фарғона), “Сурхон” (Термиз) ва “Қизилқум” (Навоий) жамоалари ушбу турда бирорта ҳам очко жамғара олмадилар.

Турнинг энг ҳужумкор жамоаси “Насаф” бўлди — қаршиликлар рақиб дарвозаларига 21 марта йўл топди. Кейинги кўрсаткичлар 16 тадан гол билан “BMB PFC” ва “Локомотив”га тегишли.

“Сурхон” эса 21 та гол ўтказиб, энг муаммоли ҳимояга эга жамоага айланди. “Қизилқум” ва “Бунёдкор” дарвозабонлари 14 тадан гол қабул қилиб олди. Энг кам гол ўтказган жамоалар эса “BMB PFC” ва “Локомотив” бўлиб, ҳар бири 5 тадан тўп ўтказган. “Қизилқум” энг кам — 4 та гол урган жамоа сифатида қайд этилди.

Турда бир қатор йирик ҳисоблар кузатилди. Масалан, “BMB PFC” – “Сурхон” – 9:3, “Насаф” – “Бунёдкор” – 7:2. Энг кам голли учрашув эса ОКМК – “Нефтчи” беллашуви бўлиб, олмалиқликлар 1:0 ҳисобида зафар қучди.

Тўпурарлар пойгасида ҳам кескин рақобат сақланиб турибди. 6-турдан кейин “Oil Star” ҳужумчиси Элбек Тўлқинов 24 та гол билан пешқадамликни сақлаб қолмоқда. Ундан учта гол кам киритган “BMB PFC” ҳужумчиси Музаффар Аҳаджонов ҳисобида эса 21 та гол мавжуд. 

14 тадан гол билан бир йўла уч нафар футзалчи олдинда бормоқда. “Насаф” вакили Ихтиёр Ропиевлар уларнинг изидан кетмоқда.

Ўзбекистон чемпионатининг 7-тур беллашувлари 2026 йил  январь ойининг биринчи ўн кунлигида Тошкент шаҳрида старт олиши кутилмоқда.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири