Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Футзал: Жаҳон чемпионатида гуруҳдан чиқишимизга умид борми? Бор
16:22 / 2021-09-16

Бунинг учун терма жамоамиз 18 сентябрь куни Миср терма жамоасини мағлубиятга учратиш талаб этилади.

Хабарингиз бор, Литва мамлакатининг учта шаҳрида футзал бўйича Жаҳон чемпионати ўйинлари давом этмоқда. Мусобақанинг «В» гуруҳидан жой олган юртмиз терма жамоаси дастлабки турда Гватемала термаси билан куч синашди. Баҳодир Аҳмедов шогирдлари рақибларига 1:4 ҳисобида ютқаза туриб, кучли иштиёқ ила ҳаракат қилиб учрашувнинг сўнгги дақиқаларида ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишганди. Бироқ ўйин тугашига қандайдир ўн сония қолганида ўз дарвозаларидан тўп ўтказиб юборишди ва аламли мағлубиятга учрашди. Биринчи турда гуруҳдошимиз Россия термаси мисрликларни йирик – 9:0 ҳисобида «тор-мор» этди.

Кеча гуруҳда иккинчи тур учрашувлари ўтказилди. Россия термаси ҳақида ортиқча тариф беришнинг ҳожати йўқ. Россияликлар мундиалларда бир маротабадан кумуш (2016) ва бронза (1996) медали соҳиби, икки маротаба ярим финал иштирокчиси (2000, 2008). Европа чемпиони (1999), Европа чемпионатининг 5 маротаба кумуш (1996, 2005, 2012, 2014, 2016) ва 3 марта бронза (2001, 2007, 2018) медали соҳиби. Шундай экан жаҳоннинг номдор термасига қарши ўйин осон кечмади. Бунинг исботи биринчи бўлимдаёқ сезилди. Бироқ иккинчи бўлимда ўзбекистонликлар «уйғонишди». Баҳодир Аҳмедовнинг тактикаси, футзалчиларнинг майдондаги шижоати, ғалабага бўлган иштиёқи россияликларни шошириб қўйганлиги рост. Иккинчи бўлимнинг бошида Даврон Чориевнинг суперголи эвазига ҳисобни қисқартиришга эришган бўлсак, кўп ўтмай Машраб Одиловнинг голи билан ҳисоб тенглашди. Ана энди кўринг эди россияликларнинг «пайтавасига қурт тушишини». Ўзбекистонликлардан бундай қаршиликни кутмаган рақиблар бор эътиборини ҳужумга қаратишди. Ва биринчи бўлимда бўлгани каби бир дақиқанинг ўзида кетма-кет иккита гол уришиб, ҳисобни ошириб қўйишди. Шундан кейин иккала томон дарвозаларига бошқа гол урилмади.

Хўш, ўз тарихида иккинчи бор жаҳон чемпионатида иштирок этаётган футзалчиларимизда тарихда биринчи марта навбатдаги босқичга йўлланма олиш имконияти борми. Бор. Бунинг учун индинга Миср термасига қарши ўйинда фақат ғалаба қозонишлари шарт. Айни пайтда Россия иккита ғалаба билан олти очко тўплаган ҳолда гуруҳда биринчи ўринда, ва кейинги босқичга муддатидан аввал чиқиб ҳам бўлди. Миср ва Гватемалада биттадан ютуқ, демак уч очкодан. Фақат Ўзбекистон термаси 0 очкода. Учинчи турда россияликларнинг Гватемала устидан устунликка эришишига гумон йўқ. Йигитларимиз Мисрни ютиб беришса бўлгани, нимчорак финал йўлланмаси «чўнтагимизда».

ЖЧ. "B" гуруҳи, 2-тур

Ўзбекистон — Россия 2:4

Голлар: Даврон Чориев (21), Машраб Одилов (27) - Робинё (10), Артём Ниязов (11, 34, 34)

Нимчорак финал ўйинлари

22-24 сентябрь

Чорак финал

26-27 сентябрь

Ярим финал

29 - 30 сентябрь

Учинчи ўрин учун ва финал

3 октябрь.

Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА