Бугун, 27 январь куни Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида футзал бўйича Осиё кубоги баҳслари бошланади.
Қитъанинг энг кучли 16 та миллий терма жамоаcи 4 та гуруҳга бўлинган ҳолда Осиё кубогини қўлга киритиш учун баҳсларга киришади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси “С” гуруҳида Осиёнинг тўрт карра чемпиони Япония, қўшни мамлакат Тожикистон ҳамда яшил қитъа вакили Австралия терма жамоалари билан куч синашади.

Шунингдек, “А” гуруҳидан Индонезия, Ироқ, Қирғизистон, Жанубий Корея, “Б” гуруҳидан Таиланд, Вьетнам, Қувайт, Ливан, “Д” гуруҳидан Эрон, Афғонистон, Саудия Арабистони ва Малайзия терма жамоалари жой олган.
Футзал бўйича Осиё кубоги тарихига эътибор қаратадиган бўлсак, ушбу мусобақа 18-бор ташкил этилмоқда. Индонезия иккинчи бор чемпионатга мезбонлик қилмоқда.
Футзал бўйича Осиё кубоги мусобақаси илк бор 1999 йили ўтказилган бўлса, 10-қитъа чемпионатигача мусобақа ҳар йили ташкил этилган. 2008 йилдан Осиё футбол конфедерацияси қарорига кўра, турнир икки йилда бир марта ўтадиган бўлди. Улардан ҳар иккинчиси Жаҳон чемпионати учун саралаш вазифасини ҳам ўтаб бериши билан алоҳида аҳамият касб этади.

Бугунга қадар Осиё кубоги финал босқичи 11 та мамлакатда жами ўн етти марта ўтказилган. Мезбонлик бўйича энг юқори кўрсаткич Ўзбекистонга тегишли. Мамлакатимиз қитъа чемпионатини уч марта — 2006, 2010 ва 2016 йилларда қабул қилган.
Тўртта терма жамоа — Эрон, Япония, Ўзбекистон ва Таиланд барча мусобақаларда узлуксиз иштирок этиб келмоқда. Чемпионатлар сарҳисобига кўра, Эрон 13 та олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза, Япония 4 та олтин, 6 та кумуш, 2 та бронза, Ўзбекистон 4 та кумуш, 6 та бронза, Таиланд 3 та кумуш, 5 та бронза медалларини қўлга киритган.
Осиё кубоги финал босқичларида энг кўп иштирок этган ўйинчи сифатида Ўзбекистон терма жамоаси посбони Рустам Умаров алоҳида қайд этилади. У ўн уч марта қитъа чемпионатлари финал босқичида майдонга тушган.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси "Осиё кубоги-2026" мусобақаси гуруҳ босқичидаги илк ўйинини эртага, 28 январь куни Тожикистон терма жамоасига қарши ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, XVII Осиё кубоги финал босқичи баҳслари 2026 йилнинг 27 январь — 7 февраль кунлари бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев,
ЎзА