Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Футзал. “Ҳуахин-Жиззах” пешқадамликка кўтарилди, “Локомотив” эса тобора пастга “шўнғияпти”
12:46 / 2022-01-21

Футзал бўйича Жиззах ва Олмалиқ шаҳарларида ташкил этилган 6-тур ўйинлари ниҳоясига етди. Учинчи кунги баҳслар ҳам қизиқарли курашларга бой бўлди.

“Нефтчи”нинг “Максам-Чирчиқ”ни, “Навбаҳор”нинг “Бунёдкор”ни енгишини анча-мунчаси башорат қилмаган бўлса керак. Икки кундан бери очко йўқотиб, етакчилардан сезиларли фарқда ортда қолган “Локомотив”нинг бугун ҳам икки очкодан “қуруқ” қолишини ким ҳам ўйлабди дейсиз.

Хуллас, бу турда очко йўқотмаган биргина “Ҳуахин-Жиззах” жамоаси бўлди. Жиззахликлар учала учрашувда ҳам йирик натижалар қайд этишди ва пешқадамликка кўтарилиб олишди. Энг қизиғи, “Ҳуахин-Жиззах”нинг бугун “Металлург”га қарши ўйинида вилоят ҳокими, жамоанинг ҳужумчиси Эргаш Салиев майдонга тушди. Ҳатто гол муаллифи бўлишига ҳам бир баҳя қолди. Унинг пенальтидан тепган тўпини бекободликларнинг моҳир дарвозабони Акмал Ҳазратқулов қайтаришга эришди.

Бирорта ҳам очко ишлай олмаган жамоа “Бунёдкор” – уч учрашув, учаласи ҳам мағлубият. Бирорта ҳам мағлубиятга учрамаган жамоага “Пахтакор”ни ҳам мисол қилиш мумкин. “Шерлар” иккита ўйинда дуранг ва биттасида ғалаба қозонишди.  Ҳар кунги ўйинларда биттадан дуранг қайд этилди, шундан иккитаси “Пахтакор”га тегишли бўлди.

Шу тариқа турнир жадвалининг биринчи поғонасини 42 очко билан “Ҳуахин-Жиззах” банд этди. АГМК жамоаси жиззахликлардан атиги бир очко ортда боряпти. Учинчи ўринни эгаллаб турган “Локомотив” эса олмалиқликлардан тўрт очкога қолиб кетди. Уч ўйиндан тўрт очко жамғарган “Динамо” (8 очко) аутсайдерликни тарк этди, сўнгги поғонани эса 7 очко билан “Строитель-Зарафшон” жамоаси  “эгаллаб” турибди.

Футзал. Олий лига. 6-тур.
Учинчи  кун. 21 январь, жума

Жиззах. “Сўғдиёна” спорт мажмуаси.
ҲУАХИН-ЖИЗЗАХ – МЕТАЛЛУРГ – 6:1 (2:1). 
Голлар: Дилшод Раҳматов (6), Даврон Чориев (16), Ҳусниддин Нишонов (21, 32), Ихтиёр Ропиев (22), Аббос Элмуродов (38) – Фарҳод Қодиров (4-пен.)

МАКСАМ-ЧИРЧИҚ – НЕФТЧИ – 4:5 (3:2). 
Голлар: Бекзод Жумабоев (2, 18), Равшан Абдужабборов (3-ўз дарв.), Жавлон Аноров (20, 31) – Рашиджон Жабборов (7, 37), Шуҳратбек Рашидов (13), Шоҳжаҳон Ҳасанов (29)

НАВБАҲОР – БУНЁДКОР – 4:3 (2:2). 
Голлар: Ҳакимжон Абдурашидов (4), Илҳом Юсубжонов (9, 40), Фарҳоджон Шокиров (39) – Олимжон Вохидов (3), Хайрулло Солихов (4, 33)

Олмалиқ. “ОТМК” спорт мажмуаси.
НАСАФ – СТРОИТЕЛЬ-ЗАРАФШОН – 3:1 (1:0). 
Голлар: Шоҳруҳ Норқулов (7), Ойбек Полвонов (32), Мамашариф Халимов (39) –  Шуҳрат Маъмуров (28)

АГМК – ДИНАМО – 5:1 (3:0). 
Голлар: Давлат Иброҳимов (4, 30), Абдулла Солихов (12, 25), Авазбек Абдувалиев (13) – Меҳрож Худойбердиев (35-пен.)

ЛОКОМОТИВ - ПАХТАКОР – 2:2 (1:0). 
Голлар: Акбар Усмонов (38) – Муҳаммад Зоиров (9-ўз дарв.), Севастян Можаев (27), Константин Свиридов (40).

Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА