Бугун, 2 сентябрдан пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида футзал бўйича XXIX Ўзбекистон чемпионати – Олий лига баҳсларига старт берилади.
Чемпионатда 12 та жамоа 12 та тур ўйинлари мобайнида ғолиблик ва совринли ўринлар учун кураш олиб боришади.

Олий лига баҳсларининг 1-тур ўйинлари 7 сентябрга қадар пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида бўлиб ўтса, қолган тур баҳсларига Тошкент, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Бухоро вилоятларида жойлашган спорт мажмуалари мезбонлик қилади.
2025/2026-йилги мавсум Олий лига мусобақаларида BMB (Жиззах), “Oil Star” (Бухоро), “Локомотив” (Тошкент), ОКМК (Олмалиқ), “Бунёдкор” (Тошкент), “Максам-Чирчиқ” (Тошкент вилояти), “Динамо” (Самарқанд), “Насаф” (Қарши), “Сурхон” (Термиз), SQB (Тошкент), “Қизилқум” (Навоий) ва “Нефтчи” (Фарғона) жамоалари қатнашмоқда.

Илк турдаёқ мамлакатимизнинг икки етакчи жамоаси ўзаро куч синашади. Охирги йилларда чемпионлик учун рақобат қилаётган BMB ва “Oil Star” ўйини айнан бугун бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев,
ЎзА