Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Футзал бўйича Осиё кубогининг 2-тур ўйинлари якунланди
15:23 / 2026-01-31

Индонезия мезбонлигида ўтаётган қитъа биринчилиги ўзининг қизиқарли палласига етиб келмоқда. 29 ва 30 январь кунлари 4та гуруҳда 2-тур ўйинлари бўлиб ўтди.

"А" гуруҳининг ушбу турдаги илк ўйинида Ироқ терма жамоаси Жанубий Кореяга қарши паркетга чиқди. Жанговар тарзда ўтган учрашувда, ироқликлар 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Иккинчи ўйинда эса мезбон Индонезия Қирғиз Республикаси терма жамоаси билан беллашди. Тенг курашлар остида ўтган ўйинда мезбонлар 5:3 ҳисобида ғалаба қозониб, кейинги босқич масаласини ҳал қилди. Тур якунларига кўра, Ироқ ва Индонезия 100 фоизлик натижа қайд этган ҳолда, чорак финал масаласини ҳал қилди. 

"Б" гуруҳининг 2-туридан ўрин олган илк баҳсда Ливан ҳамда Вьетнам терма жамоалари ўйин ўтказди. Учрашувда Вьетнам 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган ҳолда, 3 очкони қўлга киритди. Гуруҳнинг иккинчи баҳси эса Таиланд ва Қувайт терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтди. Мусобақанинг амалдаги вице-чемпионлари ўйинда тўлиқ устунлик қилиб, йирик 6:1 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди. Ушбу гуруҳда ҳам икки жамоа 100 фоизлик натижа қайд этиб турибди. Сўнгги тур учрашуви гуруҳ етакчисини аниқлаб беради.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўрин олган "С" гуруҳида вазият бироз бошқача. 2-тур баҳсларини Ўзбекистон ва Австралия учрашуви очиб берди. Дастлаб ўз дарвозасидан 2та гол ўтказиб юборган вакилларимиз тезда ўзига келишга улгурди ва биринчи бўлимнинг ўзида орадаги фарқни йўққа чиқарди. Якунда эса "оқ бўрилар" 4:2 ҳисобида рақибдан устун келди ва 3 очко эгасига айланди. Эндиликда терма жамоамиз вакиллари сўнгги турда Японияни мағлуб этиши ёки дуранг натижа қайд этиши талаб этилади. Иккинчи баҳсда эса қўшниларимиз Тожикистон терма жамоаси Японияга қарши паркетга чиқди. Қизиқарли ўтган ўйинда японияликлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, чорак финал йўлланмасини нақд қилди. 

"Д" гуруҳининг иккинчи туридан ўрин олган икки учрашувда ҳам фаворит терма жамоалар рақибларидан устун келди. Аввалига Осиё кубогининг амалдаги чемпиони Эрон терма жамоаси Саудия Арабистони билан баҳс олиб борди. Учрашувда форслар рақибини 2:0 ҳисобида мағлуб ўтиб, очколар сонини 6итага етказиб олди. Иккинчи ўйинда эса Афғонистон терма жамоаси Малайзияга қарши паркетга чиқиб, рақибини 7:0 ҳисобида тор-мор этиб, гуруҳ етакчилигини қўлга олди. Сўнгги турда Эрон ҳамда Афғонистон гуруҳ пешқадамлиги учун баҳс олиб боради.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/2oAc8v99AU4" title="Futzal bo`yicha Osiyo kubogining 2-tur o`yinlari yakunlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Осиё кубогининг 3-тур ўйинлари 31 январь ва 1 февраль кунлари бўлиб ўтади.

Карим Худойқулов, ЎзА