Ўзбекистон Республикаси Президенти “2024 йилги футзал бўйича Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
2023 йил 23 июнь куни Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси Кенгашининг навбатдаги йиғилишида 2024 йилги футзал бўйича Жаҳон чемпионати Ўзбекистонда ўтказилиши белгиланган эди.
Президент қарори билан:
2024 йилги футзал бўйича Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби;
2024 йилги футзал бўйича Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Ташкилий қўмитанинг асосий вазифалари:
Чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ҳамда сифатли амалга ошириш бўйича масъул давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
Андижон, Бухоро ва Тошкент шаҳарларида Жаҳон чемпионати ўтказиладиган жойлар замонавий техник ва телекоммуникация ускуналари билан жиҳозланишини таъминлаш;
Андижон, Бухоро ва Тошкент шаҳарларида маданий тадбирлар ва хорижий меҳмонларнинг саёҳатини ташкил этиш;
Жаҳон чемпионат иштирокчиларининг Ўзбекистонга келиб-кетиши, уларга виза расмийлаштирилиши, транспорт ва тиббий хизмат кўрсатиш масалаларини мувофиқлаштириш;
Жаҳон чемпионати бўлиб ўтадиган ҳудудларни ободонлаштириш ишлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;
Жаҳон чемпионати бўлиб ўтадиган ҳудудларда спорт объектлари ва меҳмонхоналарнинг тайёргарлигини таъминлашдан иборат бўлади.
Ташкилий қўмитага ушбу вазифаларни амалга ошириш доирасида Жаҳон чемпионатини юқори савияда ташкил этиш билан боғлик, тезкор қарорларни қабул қилиш ваколати берилади.
Қарорга мувофиқ, жаҳон чемпионатининг расмий футбол тўпи, логотипи, рамзи (маскот) ни оммага таништириш маросимлари ҳамда матбуот анжуманлари ташкил этилади.
2024 йил июнь ва август ойларида Жаҳон чемпионати бош соврини - Жаҳон кубогини оммага таништириш учун республика бўйлаб "Trophy experience" футзал тури маршрути ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.
ЎзА