Жорий йил футболчиларимизни жиддий синовлар кутиб турибди. Гап шундаки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бу йил мамлакатимиз тарихида янги саҳифа очишга жуда яқин турибди. Аниқроғи, термамизни Осиё қитъасида футбол бўйича Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичидаги энг муҳим учрашувлар кутиб турибди.
Аввало мазкур саралаш босқичида Ўзбекистон терма жамоаси ўрин олган “А” гуруҳидаги вазият ҳақида тўхталиб ўтсак. Гуруҳда олтинчи тур якунларидан сўнг Эрон 16 очко билан пешқадамлик қилаётган бўлса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 13 очко билан иккинчи ўринни банд этган.

Шунингдек, БАА 10, Қатар 7 очко жамғариб, кейинги ўринларда бормоқда. Қирғизистон ва КХДР термалари 3 ва 2 очко тўплаган ҳолда гуруҳнинг қуйи ўрнидан жой олган ҳолда иштирокини давом эттираётир.
Саралаш учрашувларининг 7-турида 20 март куни Ўзбекистон термаси “Бунёдкор” стадионида Қирғизистон термасига қарши ўйин ўтказса, Эрон ўз майдонида БААни қабул қилади. Қатар эса КХДР билан рақобатлашади. Бу учрашувлар биз учун ўта муҳим.

Сабаби, агар пойтахтимизда ўтадиган Қирғизистонга қарши ўйинда 3 очко олишни умид қилсак, Эрон ва БАА ўртасидаги шиддатли учрашувда ҳар икки жамоа ғалаба учун ўйин ўтказиши шубҳасиз. Эрон катта эҳтимол билан ғолиб бўлишини тахмин қилиш мумкин. Бу дегани Эрон билан очколар фарқи 3 та бўлиб қолаверади. Аммо, энг яқин таъқибчимиз БАА термасидан 6 очко ўзиб кетиш имконияти пайдо бўлади.
Қатар эса деярли саралаш босқичи билан хайрлашаётган КХДРни ўз уйида таслим қилиш учун барча ишни қилади. Бироқ, КХДР доимо ҳар қандай терма жамоага қарши ёпиқ ўйин намойиш этиб, очко олишга уринади.
Хуллас, Тимур Кападзе қўл остидаги терма жамоамиз Қирғизистонга қарши ўйинда Элдор Шомуродов, Абдуқодир Ҳусанов ва Аббосбек Файзуллаевнинг ёрқин ўйинлари орқали керакли натижага эриша олишига ишонамиз.

Маълумот ўрнида: 2026 йилда АҚШ, Канада ва Мексика мамлакатларида бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатида 48 та жамоа иштирок этиши белгиланган.
Қитъамизга тўғридан-тўғри 8 та, қитъалараро плей-офф ўйинлари орқали эса битта ўрин ажратилган. Осиё қитъаси учун Жаҳон чемпионатининг 3-саралаш босқичида 18 жамоа ҳар бирида олтита жамоадан иборат учта гуруҳга бўлинди ва улар давра тизимида (уй-сафар) баҳслашади. Ҳар бир гуруҳдан энг яхши иккита ўринни эгаллаган терма жамоа 2026 йилги Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланма олади.
Осиё саралаш гуруҳларидан учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаган 6 та терма жамоа якуний босқичда ҳар бири уч жамоадан иборат иккита гуруҳга бўлинган ҳолда давра форматида кураш олиб боради.
Осиё плей-офф босқичидан энг яхши икки ўринни эгаллаган жамоалар «ЖЧ-2026» йўлланмасига эга бўлади. Ҳар икки гуруҳдан иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар қитъалараро плей-оффда ОФК номидан иштирок этадиган жамоани аниқлаш учун ўзаро ўйин ўтказади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА