Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Футболчиларимиз чорак финал йўлланмаси учун майдонга тушади
09:17 / 2026-01-13

Саудия Арабистонида 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги давом этмоқда. Бугун, 13 январь куни ушбу мусобақа доирасида “B” ва “C” гуруҳларида 3-тур учрашувлари ўтказилади.

“C” гуруҳидан ўрин олган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси чорак финал йўлланмаси учун ўтадиган учрашувда Жанубий Корея термасига қарши майдонга тушади. Шунингдек, гуруҳдаги иккинчи учрашувда Эрон – Ливан ўзаро тўқнаш келади.

Айни дамда ушбу гуруҳда иккинчи турдан кейинги натижаларга кўра, Жанубий Корея ва Ўзбекистон ёшлар терма жамоалари 4 очкодан жамғариб, 1–2-ўринни эгаллаб турибди. Эрон 2 очко билан, Ливан очкосиз 3–4-ўринларни банд этган.

Умид қиламизки, бугун мамлакатимиз вақти билан 16:30 да бўлиб ўтадиган учрашувда футболчиларимиз ўзлари учун муҳим бўлган 3 очкони қўлга киритган ҳолда Осиё кубогининг 1/4 финал босқичига йўл олади.

“B” гуруҳидаги Япония – Қатар баҳси шунчаки расмиятчилик сифатида ўтади. Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, навбатдаги босқич йўлланмасига эга чиқиш учун рақобатлашадиган БАА ва Сурия ўйинини бош ҳакам сифатида ҳамюртимиз Аскер Нажафалиев бошқариб боради. Унга қанотларда  Руслан Серазитдинов ва Бахтиёрхўжа Шавкатов ёрдам берса, VAR ҳаками этиб Фирдавс Норсафаров тайинланган.

Дарвоқе, куни кеча  "A" гуруҳида 3-тур ўйинлари ўз ниҳоясига етди. Унда Иордания Қирғизистонни 1:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, худди шу ҳисоб билан Вьетнам мусобақа мезбони Саудия Арабистонини таслим қилди.  

Натижада Вьетнам 9 очко тўплаган ҳолда ўз гуруҳида пешқадам сифатида чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Ҳисобида 6 очко бўлган Иордания иккинчи ўриндан жой олиб, кейинги босқичга йўл олди.  

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА