Қатар яшил майдонларида 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида дастлабки нимчорак финалчилар номи маълум бўлди.
Мундиалнинг 1/16 финал босқичидан ўрин олган Ирландия ва Канада терма жамоалари ўртасидаги тўқнашув 1:1 ҳисобида якунлангани боис, ғолиб жамоа номи пенальтилар сериясида аниқланди. Унда ирландиялик футболчилар 9:8 ҳисобида ғалаба қозонди.

Бразилия ҳамда Парагвай тўқнашувида ҳисоб очилмади ва пенальтилар сериясида 5:4 ҳисоби қайд этилди. Шунингдек, Марокаш ҳамда АҚШ учрашувининг асосий вақти 1:1 ҳисобида дуранг билан ўз якунига етди. 11 метрлик серияда Марокаш 4:3 ҳисобида зафар қучди.
Замбия Мали термасига 1:3 ҳисобида енгилди. Португалия Бельгияни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Швейцария Миср устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Франция Колумбияга ҳеч қандай имкон қолдирмади - 2:0, Аргентина — Мексика учрашувида 2:2 ҳисоби қайд этилди. Пенальтилар сериясида Мексиканинг омади келди.
Шу тариқа, Жаҳон чемпионатининг 1/8 финалида ўзаро куч синашадиган дастлабки жуфтликлар номи аниқ бўлди. Жумладан, Португалия — Мексика, Швейцария — Ирландия, Марокаш — Мали, Франция — Бразилия баҳсига гувоҳ бўламиз.

Бугун, 15 ноябрь куни мундиал доирасида 1/16 финал босқичининг қолган учрашувлари ташкил этилади. Биз учун аҳамиятлиси, мазкур ўйинлар орасида Ўзбекистон U17 терма жамоасининг Хорватия термасига қарши баҳсидир. Исломбек Исмоилов бошчилигидаги терма жамоамизнинг мазкур ўйини Тошкент вақти билан соат 20:45 да старт олиши режалаштирилган. Агар футболчиларимиз учрашувда ғалаба қозона олса, нимчорак финалда Италия — Чехия беллашуви ғолибига қарши майдонга чиқади.
Шунингдек, бугун Сенегал — Уганда, Жанубий Корея — Англия, Италия — Чехия, Япония — Жанубий Африка, Германия — Буркина-Фасо, Венесуэла — КХДР, Австрия — Тунис ўртасидаги ўйинлар ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА