Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Футбол хабарлари
10:16 / 2026-01-23

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Дубай шаҳридаги ўқув-машғулот йиғини доирасида 26 январь куни Хитой миллий терма жамоасига, 30 январда эса “Урарту” клубига қарши майдонга тушади. Учрашувлар машғулот ўйини форматида ва ёпиқ эшиклар ортида ўтказилади. Йиғинда асосий эътибор номзод футболчиларни кўрикдан ўтказиш ва жисмоний ҳолатни назорат қилишга қаратилган.

***

Тошкентнинг “Пахтакор” клуби Туркияда янги мавсумга тайёргарлик жараёнида назорат учрашувларини ўтказмоқда. Жамоа илк ўйинини “Струга” клубига қарши ўтказиб, 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Энди “шерлар” 24 январь куни Косовонинг “Приштина”, 30 январда эса Болгариянинг “Ботев” клубига қарши майдонга тушади.

***

“Навбаҳор” Туркияда ўтаётган йиғинда иккинчи назорат учрашувини Косово Суперлигаси вакили “Малишева”га қарши ўтказди ва 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Шунингдек, тажрибали дарвозабон Валижон Раҳимов наманганликлар билан шартнома имзолади.

***

Самарқанд вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Адиз Бобоев “Динамо” жамоаси инфратузилмаси ҳамда молиявий кўрсаткичларини яхшилаш бўйича масалалар билан танишиб, янги режа ва лойиҳаларни муҳокама қилди.

***

Қарши шаҳрининг “Насаф” жамоаси Анталия шаҳрида ўтаётган ўқув-машғулот йиғинида футболчиларнинг имкониятларини назорат қилиш мақсадида Сербиянинг “Yavor Ivanitsa” клубига қарши ўйнади ва 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

***

“Нефтчи” бундан бир неча кун аввал Анталиядаги ўқув-машғулот йиғинининг биринчи босқичини якунлаган эди. Исломбек Исмоилов бошчилигидаги ушбу жамоа навбатдаги йиғинини 24 январь кунидан бошлайди. Йиғин давомида жисмоний тайёргарлик, тактик ҳаракатлар ва интизомга алоҳида эътибор қаратилади.

***

“Андижон” клуби янги мавсум учун тайёргарликни Туркиянинг Анталия шаҳрида давом эттирмоқда. 21 январь куни ўз якунига етган биринчи босқичдан сўнг, ушбу клуб эртага халқаро ўқув-машғулот йиғинининг иккинчи босқичини бошлайди ва 5 февраль кунига қадар давом эттиради.

***

Каталониянинг “Барселона” клубида президент сайлови 15 март куни ўтказилиши маълум қилинди. Янги раҳбар 1 июль кунидан иш бошлаши режалаштирилган. Айни пайтда клубни Жоан Лапорта бошқариб келмоқда.

***

“Реал” вингери Винисиус Жуниор ЕЧЛ доирасида ҳафта футболчиси сифатида эътироф этилди. У “Монако”га қарши ўйинда гол урди ва 2 та голли узатма амалга оширди. Дарвоқе, Саудия Арабистони клублари Винисиусга қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Жидда шаҳрининг "Ал-Аҳли" клуби ҳужумчига 1 миллиард евро миқдоридаги шартнома таклиф этишга тайёр экани қайд этилган.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА