Англия Премьер лигасининг 18-туридан ўрин олган "Ноттингем Форест" ва "Манчестер Сити" учрашуви 1:2 ҳисобида якунланди.
Ушбу беллашувда Абдуқодир Ҳусанов захирада қолдирилди. Шу тариқа, Хосеп Гвардиола шогирдларининг очколари сони 40 тага етди ва жамоа турнир жадвалида пешқадам бўлиб турибди.
***
Ўзбекистон U21 терма жамоаси халқаро ўртоқлик ўйини доирасида Иордания U23 жамоасига қарши майдонга тушди ва 0:0 ҳисобидаги дуранг билан якунланди.

Ҳар иккала жамоа ҳам Осиё кубогига тайёргарлик кўраётгани сабабли ўйин ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди.
***
Саудия Арабистони чемпионатининг 11-турида "Ал Насср" ўз майдонида "Ал Уҳдуд"ни қийинчиликсиз 3:0 ҳисобида доғда қолдирди. Учрашувда португалиялик футболчилар гол урди:

Криштиану Роналдудан дубль ва Жоау Феликсдан бир гол. Шу орқали ушбу футболчилар бир хилда 12 тадан гол уриб, чемпионат тўпурарлари рўйхатида пешқадамлик қилмоқда.
***
Англия Премьер лигасининг 18-турида "Вулверхэмптон" 1:2 ҳисобида "Ливерпуль" жамоасига имкониятни бой берди. Натижада "бўрилар" мусобақада 18 турда бор йўғи икки очко тўплади ва антирекорд ўрнатди. Бундан ташқари, "Вулверхэмптон" 123 йил ичида чемпионатнинг 18 та бошланғич ўйинида ғалаба қозона олмаган биринчи элита инглиз дивизиони жамоаси бўлди.
***
Африка Миллатлар лигасининг "C" ва "D" гуруҳларида 2-тур учрашувлари бўлиб ўтди. "C" гуруҳида Уганда 1:1 ҳисобида Танзания билан дуранг ўйнаган бўлса, Нигерия терма жамоаси голларга бой ўтган ўйинда Тунисни 3:2 ҳисобида таслим этди ва плей-офф йўлланмасини қўлга киритди.

"D" гуруҳида эса Бенин – Ботсвана 1:0, Сенегал – Конго 1:1 натижалари қайд этилди.
***
Суперлига чемпиони Фарғонанинг "Нефтчи" клуби "Сурхон" футболчиси ҳисобланган Асилбек Жумаев трансферини эълон қилди.

Бўлажак мавсумга пухта тайёргарлик кўраётган Исломбек Исмоилов бошчилигидаги жамоа А.Жумаев трансферидан ташқари, яна 8 та трансферни ҳам эълон қилишга улгурди. Булар: Иброҳим Шокиров, Мўминхон Баҳодирхонов, Далер Тухсанов, Рустамбек Фомин, Фарҳод Соҳибжонов, Иззатилло Пўлатов, Ҳуршидбек Ғиёсов ва Ратиньо.
***
"Аркадағ" Туркманистонда требл қайд этди. Мамлакат Суперкубоги, олтин медалларидан кейин жамоа Туркманистон Кубогини ҳам қўлга киритди. "Аркадағ" финалда "Ахал"ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Қайд этиш керак, "Аркадағ" кетма-кет учинчи марта Кубокни қўлга киритмоқда. Жамоа сўнгги икки йилда ҳам айнан "Ахал" (3:0 ва 1:0) билан финалда баҳс олиб борган ва ғалабаларга эришган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА