Бугун, 9 апрелдан 10 апрелга ўтар кечаси Европа чемпионлар лигасининг чорак финал баҳслари бўлиб ўтади.
Унда «Реал» ўз майдонида «Манчестер Сити»ни қабул қилса, «Бавария» сафарда «Арсенал» билан рақобатлашади. Ҳар икки учрашув MTRK телеканаллари орқали жонли эфирда намойиш этилади.
***
Саудия Арабистони Суперкубоги ярим финалида «Ал-Ҳилол» ўз майдонида «Ан-Наср»ни 2:1 ҳисобида енгди. Ушбу ўйинда «Ан-Наср» форварди Роналду 86-дақиқада қизил карточка олди. Иккинчи ярим финал ўйинида «Ал-Иттиҳод» – «Ал-Ваҳда» баҳси бўлиб ўтди. Унда жиддаликлар 2:1 ҳисобида рақибдан устун келди.
Шу тариқа, Саудия Арабистони Суперкубоги финалида «Ал-Ҳилол» ва «Ал-Иттиҳод»га қарши майдонга чиқади.
***
Ўзбекистон Суперлигасида март ойининг энг яхшилари аниқланди.
Унга кўра, «Навбаҳор» аъзоси Тома Табатадзе ўтган ойда жами 4 беллашувда майдонга тушиб, рақиблари дарвозасини 6 бор ишғол қилгани сабабидан энг яхши футболчи дея эътироф этилди. Ҳозирда Табатадзе Суперлига тўпурарлар жадвалида ҳам яққол пешқадам бўлиб турибди.
«Андижон» жамоаси бош мураббийи Александр Хомяков ой мураббийи деб топилди. Ҳа, «Андижон» клуби янги мавсумни ажойиб бошлади ва А.Хомяков бошчилигида 5-турдан сўнг мусобақа жадвалида биринчи ўринда бормоқда.
***
Ўзбекистон Пролига қатнашчиси Ғузорнинг «Шўртан» клуби икки нафар футболчиси билан шартномани бекор қилди. «Шўртан» дарвозабон Шерзод Абдураимов ва ярим ҳимоячи Шерали Жўраев билан хайрлашган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган турда «Шўртан» посбони Ш.Абдураимов «Машъал»га қарши беллашувда иккинчи голни ўтказиб юборганидан сўнг рақиб футболчисига «калла» қўйиб жароҳат етказган эди.
***
Тажрибали футбол мутахассиси Рубен Аморим яқин кунларда фаолиятини «Ливерпул»да давом эттиради. Томонлар уч йиллик шартнома имзолашни режалаштирмоқда. «Ливерпул» 39 ёшли мураббий билан шартнома тузиш учун «Спортинг»га 10 миллион евро миқдоридаги товон пулини тўлайди.
Маълумот учун, ёзда «Ливерпуль»ни тўққиз йил бошқарган Юрген Клопп жамоадан кетади.
***
Англия премьер-лигасида молиявий фейр-плей қоидаларини бузганлиги учун «Эвертон» жамоасидан 2 очко олиб ташланди. Бундан аввалроқ эса, 10 очко олиб қўйилган ва бир муддатдан сўнг 4 очко қайтариб берилган эди.
Маълумот учун, «Эвертон» турнир жадвалида 27 очко билан 16-поғонада бормоқда.
***
Мамлакатимиз U21 ёш тоифасидаги чемпионатининг 5-туридан ўрин олган «Бунёдкор» – «Динамо» 3:0 ҳисобида якунланди. Аммо ўйин комиссарининг билдиргисидан келиб чиқиб, «Бунёдкор» U21 жамоасига техник мағлубият ёзилди.
«Суперлига ва Пролига регламенти»нинг 14.5-бандига кўра, U21 жамоаси учрашув қайдномасига 2001 йил ва ундан аввал туғилган фақатгина икки нафар футболчини кирита олади. 2001 йилда туғилган дарвозабонгина лимитдан ташқари қайдномага киришга ҳақли ҳисобланади.
«Динамо» U21 жамоасига қарши беллашувда «Бунёдкор» U21 мазкур талабга қарши чиқиб, 1997 йилда туғилган Марин Любич, 1995 ҳамда 1997 йилда туғилган Нажмиддин Нормуродов ва Момcило Расо каби футболчилар билан таркибни шакллантирган.
Мазкур ҳолатлар инобатга олиниб, «Бунёдкор» U21 жамоасига 0:3 ҳисобида техник мағлубият ёзилди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
--0--