Футбол: Украина 2030 йилги Жаҳон чемпионати даъвогарлари сафида
Футбол бўйича 2030 йили ўтадиган Жаҳон чемпионатини қабул қилишга даъвогарлар сафига Украина ҳам қўшилиш истагини билдирди.
Бу ҳақда Буюк Британиянинг The Times газетаси хабар тарқатди. Хабарда айтилишича, Украина Испания ва Португалиянинг 2030 йилги Жаҳон чемпионатига қўшма аризасида иштирок этади. Бу қарор Испания ва Португалия раҳбарлари ва Украина президенти Владимир Зеленский иштирокидаги учрашувда қабул қилинган. Қўшма ариза 5 октябрь куни имзоланади.
Келишувга кўра, чемпионат ўйинларини ўтказиш учун зарур бўлган инфратузилма Украинада тикланган тақдирдагина улар гуруҳ раундидаги ўйинларни қабул қилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур жаҳон чемпионатини ўтказиш борасида Саудия Арабистони, Миср, Греция, Уругвай, Аргентина, Парагвай, Чили, Марокаш каби давлатлар номзод саналади.
Т.Рўзиев,
ЎзА