Ўзбекистон футбол ассоциацияси Тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилишида сўнгги турлардаги интизомий ишлар кўриб чиқилди.
Суперлига 18-туридаги “Навбаҳор лочинлари” — ОКМК учрашувининг 79-дақиқасида “Навбаҳор лочинлари” мухлислари томонидан футболчиларга турли буюмлар улоқтирилгани ҳамда идишлардан бири ОКМК клуби футболчисининг бошига теккани сабабли “Навбаҳор лочинлари” футбол клубига нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди.
Про лиганинг 15-тури доирасидаги “Юниред” — “Ғиждувон” учрашувида “Ғиждувон” жамоаси футболчиси Шавкат Раҳматов бош ҳакам шаънига ҳақоратли сўзлар ишлатгани учун 3 та ўйиндан четлаштирилди.
Про лиганинг 14-туридаги “Арал” — “Локомотив” ҳамда 16-туридаги “Динамо плюс” — “Локомотив” учрашув комиссарлари билдиргиси асосида “Суперлига ва Про лига регламенти”нинг 16.30-бандида назарда тутилган тартиб “Локомотив” жамоаси мураббийи Мирко Еличич томонидан бузилгани сабабли Мирко Еличичга (Локомотив) нисбатан 1 та ўйиндан четлаштириш чораси қўлланилган.
Биринчи лиганинг 14-тури доирасидаги “Қумқўрғон-1977” — “Цементчи” учрашуви якунлангандан сўнг, “Цементчи” жамоаси футболчиси Ю.Топволдиев ёрдамчи ҳакам шаънига ҳақоратли сўзлар қўллагани ҳамда жисмоний куч ишлатишга ҳаракат қилгани учун 4 та ўйиндан четлаштириш ва жарима чораси қўлланилди. Ушбу турнинг “Бунёдкор фарм”- “Шаҳрихончи” учрашувининг 65-дақиқасида “Шаҳрихончи” жамоаси мураббийи Турсунбой Ҳусанов бош ҳакам шаънига ҳақоратли сўзлар ишлатгани учун 3 та ўйиндан четлаштириш ва жарима интизом чораси қўлланилди.
Шунингдек, Тартиб-интизом қўмитасида U-19 чемпионатининг бир қатор турларида хатоликларга йўл қўйган, ЎФА низомини бузганларга нисбатан чоралар кўрилди. Жумладан, “Пахтакор U-19” клуби футболчилари, “Шўртан U-19” “Хоразм U-19”, “Қизилқум U-19”, “Локомотив U-19” футболчиларига нисбатан ҳам интизом чоралари татбиқ этилди.
Тартиб-интизом қўмитасида аёллар футболида ҳам хатоликларга йўл қўяётганлар учраётгани қайд этилди. Бунда аёллар Олий лигасининг 18-туридаги “Металлург W” — “Сўғдиёна W” учрашувида “Металлург W” жамоаси футболчиси Нозима Қосимбекова бош ҳакам шаънига ҳақоратли сўзлар ишлатгани учун қизил карточка билан сийланиши билан 3 та ўйинда қатнашишдан маҳрум қилинди. Бундан ташқари, аёллар биринчи лигаси 8-турида камчиликлар аниқланган “Хоразм W” жамоаси футболчиси Барчиной Эшмуратова, “Динамо W” жамоаси аъзоси Азиза Усеиновага нисбатан ҳам чоралар қўлланилди.
“Миллионлар ўйини”нинг жозибасига, мамлакатимиз футболининг ҳар жиҳатдан ривожига соя солиб турган қонунбузилишларга Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан чора қўлланилиши ва ушбу маълумотлар кенг жамоатчиликка ҳавола этиб борилиши юртимиз спортида очиқлик, шаффофлик сиёсатидан далолат. Бу, футбол майдонларидаги шиддатли ўйинларга “тиканак” бўлаётган ҳолатларнинг барҳам топишига хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Т.Рўзиев,
ЎзА