Бугун, 19 октябрь куни футбол бўйича Ўзбекистон кубоги ярим финал ўйинлари ўтказилади. “ОКМК” ўз майдонида “Навбаҳор”ни қабул қилса, “Насаф” финал йўлланмаси учун “Динамо” билан рақобатлашади. Ушбу ўйинлар 18:00 да бошланади.
Шунингдек, эртага 20 октябрдан суперлигада 22-тур учрашуви давом эттирилади ва 22 октябрь кунига қадар бўлиб ўтади. 30 октябрь куни эса “Навбаҳор” – “Насаф” учрашуви билан 22-тур тўлиқ якунига етади.

Ушбу турни “Металлург” ва “Бухоро” клублари ўртасидаги ўйин бошлаб беради.
“Бухоро” 14 очко билан 13-ўринда боряпти. Жамоа суперлигада жон сақлаб қолиш учун ҳар бир учрашувда ғалаба илинжида майдонга тушмоқда. Шу сабабли ҳам Улуғбек Бақоевнинг шогирдлари Олмалиққа ҳатто дурангга ҳам рози бўлмаган ҳолда боради. Бироқ “Металлург” ҳам ўз майдонида мухлислари кўз ўнгида мағлубият учун ўйнамаслиги барчамизга маълум. Шу боис ҳам мазкур учрашув ғоятда қизғин ўтиши шубҳасиз.
Дарвоқе, ўзаро ўйинлар тарихига кўз ташлаганимизда, “Бухоро” Бекободда ўтган сўнгги 3 та учрашувда рақиб дарвозасига битта ҳам гол уролмаган. Аниқроғи, сўнгги маротаба бухороликлар 2017 йили “Металлург” дарвозасини ишғол қилган.
Суперлиганинг иккинчи ўйини “Пахтакор” ва “Турон” ўртасида бўлиб ўтади. “Пахтакор” жадвални бошқармоқда, “Турон” эса сўнгги ўйинда бораётир. Албатта, пойтахт клуби қарийб икки ой мобайнида ғалаба қозона олмаётган бўлсада, ушбу ўйинда фаворит ҳисобланади.

21 октябрь куни эса Тошкент дербисига гувоҳ бўламиз. Яъни “Олимпик” ўз майдонида “Бунёдкор”ни қабул қилади. Бу жамоалар бир-бирлари билан кўплаб жиҳатдан тенгдир. Шундан келиб чиқиб, учрашувда дуранг ҳам қайд этилиши эҳтимоли катта. Шунингдек, шу куни “Сўғдиёна” – “Андижон” баҳси ҳам ўтказилади. 22 октябрь куни эса “Нефтчи” Фарғонада “Сурхон”ни меҳмон қилади. “Нефтчи” ҳозирда медаллар учун жиддий курашмоқда. Водийликлар меҳмондўст халқ бўлишига қарамасдан, мазкур учрашувда меҳмонларни “хафа” қилишга мажбур. Агарда “Сурхон” мағлуб этилмаса, Суперлига медалларини қўлга киритиш имконияти янада пасаяди. “Сурхон” ҳам узоқ масофадан мағлуб бўлиш учун келмаслиги аниқ. Бу жамоа лигада ҳар қандай клубни мағлуб этишга қодир, агарда ўз ўйинини топа олса...
****
Ўзбек футболидаги қайноқ хабарларни якунлаб, эътиборни Европага қаратамиз.
Италия “А” сериясида “Каляри” навбатдаги учрашувини 22 октябрь куни сафарда “Салернитана” жамоасига қарши ўтказади. Ҳар икки жамоа ҳали бирорта ғалаба қозонмаган ҳолда, мусобақа жадвалининг энг қуйи поғоналарида бормоқда.

Ушбу жамоадаги легионеримиз Элдор Шомуродовнинг фаолияти кўнгилдагидек ва мухлислар кутганидек бўлмаяпти. Легионеримизнинг айрим учрашувларда фаоллиги ажралиб турган бўлса, баъзан майдонда бор-йўқлиги билинмай қоляпти. Шу сабабли ҳам Элдор навбатдаги учрашувда имконият берилса, ундан унумли фойдаланиши керак ва албатта гол уриши зарур. Бўлмаса, “Каляри” раҳбарияти Элдор Шомуродовдан воз кечиши мумкин. Умид қиламизки, футболчимиз нимага қодир эканини қишки трансфер ойнаси очилгунча исботлайди.
Англия премьер-лигасида ўтган 8 турдан сўнг “Тоттенхэм” ва “Арсенал” жамоалари 20 очко жамғарган ҳолда, жадвалда карвонбошилик қилмоқда. Англия футболи мутахассислари 9-тур арафасида дарвозабонлар статистикасини эълон қилди. Унга кўра, энг кам гол ўтказган дарвозабонлар орасида “Кристал Пэлас” аъзоси Сэм Жонстон биринчи бўлиб турибди. У ўтган 8 ўйиннинг 4 тасида дарвозаси дахлсизлигини таъминлади ва лиганинг энг яхши дарвозабони сифатида эътироф этилмоқда.
“Манчестер Юнайтед” ярим ҳимоя чизиғидаги муаммоларни “Реал Мадрид”дан Лука Модрични олиб келган ҳолда ҳал этмоқчи. Лука ҳозирда 38 ёшда, у Мадрид клубида аввалгидек кўп ўйинларда майдонга туша олмаяпти ва ўйин амалиёти ўз-ўзидан камаймоқда. Шу сабабли ҳам футболчи “Реал”дан қишки трансфер мавсумида кетишга тайёр.
Эслатиб ўтамиз, Модрич 2012 йилдан бери мадридликлар сафида ўйнаб келмоқда. Унинг трансфер нархи 10 миллион евро дея баҳоланмоқда.
****
Трансферлар ҳақида гап кетганда футболчиларнинг трансфер нархларини аниқлаб борадиган “Transfermarkt” порталининг эълонларига тўхталиб ўтмасак бўлмайди. Куни кеча ушбу портал Франция чемпионатида ўйнаётган энг қиммат футболчилар рейтингини эълон қилди. Унда энг юқори уч поғонани “ПСЖ” жамоаси аъзолари эгаллади.
Аниқроғи, биринчи ўриндан Килиан Мбаппе жой олди “ПСЖ” ҳужумчисининг бугунги кундаги трансфер нархи 180 миллион евро этиб белгиланди. Ундан кейинги ўринда Рандаль Коло Муани бормоқда. Унинг нархи 80 миллион еврога баҳоланган бўлса, учинчи поғонадан Нуну Мендеш жой олди. Нунуни қай бир жамоа ўз сафига қўшишни истаса, Париж клубига 65 млн. евро тўлаши керак бўлади.

Жозе Моуринью Римни ёзда тарк этиши мумкин. Сабаби “Рома” клуби раҳбарияти португалиялик мураббий билан шартномани узайтирмоқчи эмас. Бироқ, Жозе жамоани тарк этиши билан иш қидириши шарт эмас. Ҳозирда унга Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клуби вакиллари шартнома таклиф қилмоқда. Саудияликлар машҳур мураббийга катта маош ваъда қилмоқда ва у билан ҳамкорлик ўрнатишни истаяпти.
Келаси йили Германия футбол майдонларида Европа чемпионати бўлиб ўтади. Шу кунларда мазкур мусобақага чиқиш учун саралаш баҳслари ўтказилмоқда. Шундай бўлсада, “Евро-2024" финал босқичида фаворит жамоаларни аниқлаш мумкин. Жумладан, ушбу мусобақада ғалаба қозониш учун энг юқори имкониятлар Франция, Англия ва Португалия терма жамоаларида дея тахмин қилиш мумкин. Шунингдек, Испания, Бельгия, Австрия, Германия, Шотландия, Туркия ва Венгрия каби терма жамоалар ҳам юқори савияда ўйин ўтказиши шубҳасиз. Булар ҳозирча оддий тахмин холос. Мазкур тахминлар аниқлигини 2024 йили 14 июндан 14 июлга қадар бўлиб ўтадиган Европа чемпионатини кузатиш давомида билиб оламиз.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА