Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Футбол. Суперлига трансфер бозорида қандай воқеалар содир бўлмоқда?
13:07 / 2022-01-19

Суперлига жамоаларининг янги мавсумга тайёргарлиги бўйича маълумотларни давом этамиз.

“Локомотив” – жамоа янги бош мураббий Денис Коростиченко раҳбарлигида мавсум тараддудига 10 январдан киришди. Тажрибали футболчи Акмал Шораҳмедов ҳам фаолиятини мураббийликда давом эттирадиган бўлди. “Қўқон-1912”дан келган Муҳаммаданас Ҳасанов, “Сурхон”нинг собиқ ўйинчиларига айланган Алишер Салимов, Рустам Нортожиев ва Жасур Ёқубов ҳам бу мавсумда “Локомотив” шарафини ҳимоя қилишга яқин туришибди.

Шунингдек, жамоани тарк этганлар ҳам кам эмас. Жавоҳир Ильёсов, Шуҳрат Муҳаммадиев ва Темурхўжа Абдуҳолиқовлар “Қизилқум” жамоаси билан шартонома имзолаб бўлишди. Диёр Туропов ҳам шу жамоа машғулотларида иштирок этяпти. Хуршид Мухторов ва Йован Жокич  “Навбаҳор”, Марат Бикмаев “Сўғдиёна” футболчилари билан бирга шуғулланяпти. Жавоҳир Сидиқов ҳам омадини бошқа жамоаларда синаб кўришни лозим топган. Маълумотларга кўра тажрибали футболчи Садриддин Абдуллаев фаолиятини тугатиши эҳтимоли ҳам бор.

“Қўқон-1912” – қўқонликлар бу мавсумда катта мақсадларни ният қилган. Январнинг дастлабки кунларида ўз шаҳрида йиғинга киришган жамоа 11 январдан машғулотларини Тошкентга кўчирди. Йиғинлар бир нечта босқичда олиб борилиши  бўйича режалар тузилган. Айтайлик, Тошкентда ташкил этилган иккинчи йиғин 21 январда ниҳоясига етади ва учинчи йиғин 25 январдан 5 февралгача  Фарғонада ўтади. Навбатдаги йиғинлар 9 – 19 февраль оралиғида яна Тошкентда, сўнггиси эса 22 февралдан 1 мартга қадар ўз қароргоҳи Қўқонда олиб борилади.

Жамоа ўнга яқин янги футболчиларни таклиф этган. Булар – “Турон”дан Билолхон Тошмирзаев, “Навбаҳор”дан Қувондиқ Рўзиев, “Пахтакор”дан Владимир Козак, “Металлург”дан Дилшод Раҳматуллаев, шунингдек Муроджон Комилов, Собит Синдоров каби тажрибали футболчиларга “совчи” қўймоқда. Дарвозабонлар билан ишлаш учун эса Хислат Чилматовни таклиф этган.

Жамоани тарк этмоқ истагида бўлганлар ҳам кам эмас. Булар Андрей Бакланов (“Турон”, дарвозабонлар мураббийи), Муҳаммаданас Ҳасанов (“Локомотив”), Шоҳназар Норбеков Фарҳод Бекмуратов (иккаласи ҳам “Металлург”дан), Андрей Сидоров (“Навбаҳор”), Суҳроб Бердиев, Мурод Тўйчибоев, Асадбек Собиржонов...

Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА