Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Футбол суперлига: “Сўғдиёна” 1-даврани мағлубият билан бошлаб мағлубият билан якунлади
16:58 / 2023-07-03

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлигаси жамоалари қолдирилган 8-тур учрашувларини ўтказди.

Ушбу турда Жиззахнинг “Сўғдиёна” профессионал футбол клуби Олмалиқнинг ОКМК жамоасини қабул қилди. Аввалги учрашувда (13-тур) жиззахликлар Тошкентда Термизнинг “Сурхон”ига, ОКМК эса Қаршида “Насаф”га имкониятни бой берганидан хабарингиз бор. Ана шу мағлубиятдан Миржалол Қосимов ва унинг шогирдлари тўғри хулоса чиқарганликлари ушбу учрашувда намоён бўлди.

Ўйиннинг биринчи бўлимида “Сўғдиёна”нинг сербиялик легионери Тарик Исичнинг тўпни қайтаришдаги қўпол хатосидан унумли фойдаланган ОКМК европалик легионери Мартин Боакье учрашувнинг 28-дақиқасида меҳмонларни олдинга олиб чиқди – 0:1.

Ўйиннинг биринчи бўлими шу тариқа ниҳоясига етди.  

Иккинчи бўлимда, Иван Бошковичдан зарур кўрсатмаларни олган “Сўғдиёна”нинг босими ортди. Рақиб жарима майдонида қатор вазиятларни яратди, аммо ушбу вазиятни голга айлантиришда жиззахлик футболчиларга омад етишмади.

Ўйиндаги устунлик мезбонлар томонига ўтганини ҳис қилган тажрибали мураббий Миржалол Қосимов, бир неча янги кучларни майдонга ташлади ва бу учрашувнинг 73-дақиқасида ўз самарасини берди. Миржаҳон Мираҳмадов мезбон ҳимоячилари томонидан жарима майдонида очиқ қолдирилганидан фойдаланиб, тўпни Милан Митрович қўриқлаётган дарвозага боши билан ҳеч қийналмай аниқ йўллади ва ўртадаги фарқни 2 тага етказди – 0:2.

Футболда ўйин ҳакамнинг ҳуштагигача давом эттирилади, деган иборага амал қилган “Сўғдиёна” мураббийи 2-голдан сўнг майдонда 3 нафар ҳужумчи билан ҳаракат қилди. Бу “вобанк” жиззахликлардан кўра кўпроқ ОКМК футболчиларига кўпроқ қўл келиши мумкин эди, аммо кўплаб голли вазиятларни “Сўғдиёна” посбони бартараф этди.  

Баҳснинг 90+5 дақиқасида Искандар Шайқулов ўрнига майдонга тушган “Сўғдиёна” U-19 ёшлилар жамоасининг бўйдор ҳужумчиси Самандаржон Мавлонқулов Станислав Андреевнинг узатмасига ҳаммадан баланд сакраб ОКМК дарвозасига боши билан зарба бериб уни ишғол этда ва суперлигадаги ўзининг “дебют” голини киритди. “Сўғдиёна” – ОКМК ўртасидаги 8-турнинг қолдирилган баҳси 1:2 ҳисобида меҳмонлар фойдасига якунланди.  

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида “Сўғдиёна” бош мураббийи мезбонлар ҳақли ғалаба қозонганини тан олиб, иккинчи даврада жамоаси кучайтирилган таркиб билан мухлисларига ёқадиган ўйин намойиш этишини таъкидлади.

Шу ўринда, Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби Шимолий Македония терма жамоаси футболчиси Люпче Дориев билан шартнома имзолаганини ва бу 27 ёшли ҳужумчи Ўзбекистон чемпионати 2-даврасидан бошлаб, жиззахликлар шарафини ҳимоя қилишини ҳам таъкидлаш лозим.

Маълумот учун, Люпче Дориев шу кунгача Македониянинг “Шкендия” клубида фаолият олиб бораётган эди. У чап қанотдан ташқари, ўнг қанотда ёки ҳужумчи ортида ҳам ҳаракат қилиши мумкин.

Қолдирилган 8-турнинг қолган баҳсларидан марказий учрашув Фарғонада бўлиб ўтди. Унда “Нефтчи” Қаршининг “Насаф” жамоасини қабул қилиб, 2:1 ҳисобида доғда қолдирди.

Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони “Пахтакор” Тошкентда “Андижон”ни енга олмади, ўйин 1:1 ҳисобидаги жанговор дуранг билан якунига етди.

Бундан унумли фойдаланган “Навбаҳор” Наманганда “аутсайдер”лардан бири Бухоронинг “Бухоро” клубини қабул қилиб, бир амаллаб 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди ва ҳозирча 1-ўринга кўтарилиб олди. Чунки ҳали “Пахтакор” ва “Насаф” ўртасидаги қолдирилган баҳс бор ва ана шу учрашув(15 август)дан сўнг, 1-даврани ким қайси ўринда якунлаши аниқ бўлади.

Шунингдек, ушбу қолдирилган 8-турда Навоийда “Қизилқум” Тошкентнинг “Бунёдкор” клубини қабул қилиб 2:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, “Олимпик” (Тошкент) – “Сурхон” (Термиз) ўртасидаги баҳсда томонлар 1:1 ҳисобидаги муроса кўчасини танлади.

А.ҚАЮМОВ, ЎзА